Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сайтида эълон қилинган хабарга кўра, тузилма мамлакатимизга сув тасодифий ифлосланишининг олдини олишда ёрдам кўрсатади. Маълумки, Ўзбекистон олтин ва уран қазиб олиш бўйича дунёдаги энг йирик давлатлардан бири ҳисобланди. Ҳозиргача атиги 20 фоиз захира қазиб олинганини ҳисобга олсак, келажакда тоғ-кон саноати янада ривожланишини англаш қийин эмас. Бу жараён сув ифлосланиши хавфини орттиради.
Қолаверса, Ўзбекистон қуйи оқимдаги давлат сифатида юқори оқим мамлакатларидаги тасодифий ифлосланишдан ҳам бевосита азият чекади. Шу боис, идоралар аро ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш сув тасодифий ифлосланишининг олдини олишда ҳам, бирор табиий офат оқибатини юмшатишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Апрель ойи охирида мамлакатимиз тегишли вазирлик, идоралари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, чиқинди хавфсизлиги ва сув ифлосланишининг олдини олиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ тузиш масаласи муҳокама қилинган. Ўзбекистон Марказий Осиёда Қозоғистон ва Тожикистондан кейин бундай ишчи гуруҳи расман ташкил этган учинчи давлатга айланади.
Йиғилиш қатнашчилари БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг қолдиқлар хавфсизлиги бўйича тавсиясини кўриб чиқди. Шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистонда идоралар аро ишчи гуруҳлар яратиш тажрибасини ўрганди. БМТ ЕИК Ўзбекистонни Швейцария Атроф-муҳит бўйича федерал идораси молиявий кўмаги орқали жамоа тузиш, жойларда тренинг ташкил этиш ва субминтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда қўллаб-қувватламоқда. Ишчи гуруҳ саноат хавфсизлиги, сув ресурслари учун масъул органлар, шунингдек, хусусий сектор, илмий доира ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик қилиш учун платформа вазифасини ўтайди.
Табиий ресурслар вазирлиги вакили Жаҳонгир Толипов мазкур гуруҳ тоғ-кон саноати соҳасида миллий бошқарувни кучайтиришга ёрдам беришини қайд этди. 2030 йилгача мамлакатнинг экологик мақсадларига эришишга ҳисса қўшишини, БМТ Евроосиё иқтисодий комиссияси саноат тизимига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Ҳозирча Ўзбекистон “Бахтсиз ҳодисалар” конвенциясига аъзо эмас, бироқ 2005 йилдан буён конвенция доирасидаги ёрдам ва ҳамкорлик дастуридан кўмак олмоқда. Шу билан бирга давлатимиз 2007 йилдан бери Сув конвенцияси аъзоси ҳисобланади. Иккала конвенция ҳам мамлакатда сув тасодифий ифлосланишининг олдини олишга кўмаклашади.
Г.Сатторова тайёрлади.