9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан улуғ санъаткорларни ёдга олиш яхши анъанага айланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий эстрада санъатимиз асосчиларидан бири, замонавий ўзбек маданиятини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшган буюк санъаткорнинг ёрқин хотирасига юксак эҳтиром рамзи бўлди.
Устоз санъаткорнинг ижодий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Маданият ва туризм вазирлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова ижросида “Сулола” номли бир актёр спектакли томошабинларга тақдим этилди.
Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да мазкур саҳна асарининг премьераси ўтказилди. Тадбир аввалида Зокировлар сулоласи акс этган фотокўргазма, Ботир Зокировнинг мўйқаламига мансуб тасвирий санъат намуналари намойиш этилди.
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти раҳбари Бахтиёр Ҳусанов устоз санъаткор Ботир Зокиров ва Зокировлар сулоласи билан боғлиқ тадбирлар маънавий ҳаётимизда алоҳида воқеа эканини таъкидлади. Негаки, бугун ушбу оиланинг мислсиз мероси қанчалик қийматга эгалигини биз яна-да теранроқ англаяпмиз. Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудига бағишланган бугунги тадбир чинакам маънода адабиёт, санъат, маънавият байрамига айланмоқда. Ботир Зокиров ўз қўшиқлари билан ўзига ҳайкал ўрнатиб кетган санъаткор, десак янглишмаймиз. Зеро, унинг ҳар бир қўшиғи бизнинг маданият, санъат хазинамиздаги жавоҳирга тенг бўлган асарлардир.
Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова улуғ санъаткор Ботир Зокиров кундаликлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари, видео лавҳаларни намойиш этди.
–Ботир Зокиров ноёб истеъдоди, бетакрор ижоди билан ўзбек эстрада санъатига асос солгани, унинг шон-шуҳратини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этгани ҳақида сўзлашдан ғоят фахрланаман, – деди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова.
Театрлаштирилган тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров Ботир Зокиров ижодига мансуб қўшиқлардан куйлади. Тадбирга Ботир Зокиров номидаги эстрада симфоник оркестри янада файз бағишлади.
Бадиий кечада сўзга чиққанлар устоз санъаткор билан боғлиқ хотираларини ғурур ва ҳаяжон, ифтихор билан эсладилар. Мазкур саҳна асарининг намойиши келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилади.
Н.Усмонова, ЎзА