Янги таҳрирдаги Конституциянинг 81-моддасида оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги эътироф этилиб, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилиши давлат томонидан кафолатланиши белгиланди.
Бу, ўз навбатида, журналистларга ҳам катта масъулият юклайди. Улар ёритилаётган мавзуни чуқур ўрганиш, холислик принципига амал қилиши, шахс ҳуқуқлари дахлсизлигини ҳурмат қилиши шарт.
Чунки айрим ҳолатларда ахборот тарқатилишида ахборот манбаси чуқур ўрганилмасдан, вақтинчалик эътибор қозониш мақсадида саёз ва юзаки тайёрланган материаллар тақдим этилиб, журналист этикасига риоя этмаслик ҳолатлари учрамоқда.
Айниқса, жиноятчиликни ёритишда айбсизлик презумпциясига риоя этмаслик, ортиқча тафсилотларга берилиш орқали жиноятчилик тарғиб қилиб қўйилмоқда. Шахсга ўзбошимчалик билан жазо бериш (самосуд) ҳолатларини ёритишда шахснинг обрўси ва қадр-қимматини камситиш, вояга етмаганлар тўғрисидаги ахборотни тарқатишда бола ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқлари принциплари бузилишига йўл қўйиш ҳолатлари учрамоқда.
Бу келгусида жамиятда кутилмаган нохуш ижтимоий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Аҳолида ишончсизлик пайдо қилиши, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шундай шароитда журналистларнинг ахборот тарқатишдаги масъулиятини кучайтириш, учраётган айрим камчиликлар таҳлили асосида уларнинг ҳуқуқий билимини янада ошириш жуда муҳим.
Материаллар тайёрлашда фуқаролар ва юридик шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги ва Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан “Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситаларининг роли, журналистларнинг ахборот тарқатишдаги ҳуқуқ вa мажбуриятлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Адлия вазирлиги масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ва ҳуқуқшунос экспертлари тренерлик қилди.
Очиқ мулоқот давомида Ахборот кодекси лойиҳасида кутилаётган ўзгаришлар, ахборот соҳасида касб масъулиятининг чегаралари, журналистлик фаолиятни тартибга солувчи ҳуқуқий ва этикага оид нормалар ҳақида фикр алмашилди.
Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш ёки шахсий ҳаётига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш, инсон онгига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин бўлган махсус ахборотлар тарқатиш, сездирмаган ҳолда тажовузкорлик ва ахлоқсизликни тарғиб қилиш учун жавобгарликни белгилаш, аҳолининг ОАВ орқали ишончли ва ҳаққоний ахборотни олиш ҳуқуқини бузиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, ёлғон ахборот тарқатганлик учун ким айбдор бўлиши, журналистик фаолиятда цензурага йўл қўйилганини қандай билиш мумкинлиги, журналистларнинг ҳуқуқ бўйича билимларини ошириш борасида қандай режалар қилингани хусусидаги саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА