Ҳуқуқий муносабат
Кўча-кўйда юрар эканмиз, айрим пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши ва пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланишига кўзимиз тушади. Бу билан улар ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдиришлари мумкин. Қонунда эса бунинг учун жавобгарлик бор. Хўш, булар қандай жавобгарлик ҳисобланади? Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов қуйидагиларни маълум қилди.
– Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси биринчи қисмига кўра, пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши ва пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланишига, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, пиёданинг эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, уловли аравани бошқариб борувчи ҳамда йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги ҳам жаримага сабаб бўлади.
Модданинг иккини қисмига асосан эса ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши авария ҳолатини вужудга келтирса базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга олиб келади.
Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқарганда уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солиниши мумкин.
Мопед, велосипед ҳайдовчининг, уловли аравани бошқариб борувчи шахснинг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА