Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 май куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан ўтказган телефон орқали мулоқотида қўшма кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва савдо муносабатларининг суръатини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида Беларусь Президенти жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Президентлар Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида бир қатор икки томонлама тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони ошмоқда.

Қабул қилинган “йўл харитаси” асосида машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Уларни жадаллаштириш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва фаол ҳудудлараро алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.