Ўзбекистон IT соҳаси рекорд даражадаги ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Мамлакат ўз салоҳиятини муваффақиятли амалга оширишда давом этмоқда ва хорижий компанияларни жалб қилиш учун тобора кўпроқ имкониятлар яратмоқда.
Соҳа ривожига IT-Парк ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Жорий йилнинг биринчи квартали якунлари бўйича IT-Парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми деярли 2,4 триллион сўмни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан резидент компаниялари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 292 фоизга ошди.
IT-Парк резидентлари экспорти ҳажми ўтган йилнинг 1-кварталига нисбатан 327 фоизга ошиб, 57,2 миллион долларни ташкил этди. Улардан 48 фоизи АҚШ, қолганлари эса Буюк Британия 15 фоиз, Сингапур 10 фоиз, МДҲ мамлакатлари 10 фоиз ва бошқаларга 17 фоиз тўғри келади.
IT-Парк томонидан саводхонлик ва умуман IT маданиятни оширишга ёрдам берадиган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2023 йилнинг 1-кварталида IT-Паркнинг 205 та IT-Марказида 7 минг 395 та шахс таҳсил олди. Улардан 2 минг 280 таси давлат хизматчилари, қолган 5 минг 115 таси эса 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
Биринчи кварталда 207 та компания IT-Парк резиденти статусини олди, улардан 61 таси экспортёр бўлиб, жорий йил охирига қадар экспорт ҳажми 55 миллион долларни ташкил этиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, 71 та компанияга резидент статуси берилмаган, 63 та компания эса шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажармагани, яъни фаолият тўғрисида маълумот бермагани, шунингдек мажбурий ажратмаларни тўламагани учун ушбу статусдан маҳрум қилинди. Шунингдек, ушбу компанияларга нисбатан берилган имтиёзларни бекор қилиш ва давлат бюджетига солиқ тўлаш бўйича мажбуриятларни тиклаш тўғрисида солиқ органларига билдиришнома юборилди.
Бундан ташқари, тақдим этилаётган имтиёзлар туфайли IT-Парк резидентлари қўшимча иш ўринларини яратиб, мамлакатимизда IT-мутахассислар сонини кўпайтирмоқда. Жорий йилнинг 1-кварталида резидент компанияларда 2 минг 100 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Ишга жойлашган мутахассисларнинг умумий сони 20 мингдан ошди, бу 2022 йил охиридаги кўрсаткичга нисбатан 12 фоизга кўпдир.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мамлакатимиздаги IT-Парк резидентлари IT-компаниялар ва IT-ўқув марказлари бўлиб, улар бир қатор муҳим имтиёзларга эга бўлиши мумкин. Даромад солиғи — 7,5 фоиз, корпоратив солиқ — 0 фоиз, ягона ижтимоий тўловлар — 0 фоиз, товарларни ўз эҳтиёжлари учун импорт қилишда божхона тўловлари – йўқ.
Шунингдек, IT-Парк резидентлари хорижий мутахассислар ва таъсисчиларга иш ҳақи ва дивидендларни экспорт тушумлари доирасида халқаро тўлов карталарига нақд пулсиз шаклда хорижий валютада тўлаш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, IT-Парк резидентларига Виртуал офис хизмати тақдим этилади, бу эса офисни ижарага олмасдан масофадан туриб ишлаш имкониятини беради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА