Бугунги кунда юртимизда касаба уюшмалари тизимида 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатиб, соҳа бўйича 6 минг 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади.
Унинг аъзолари сони доимий тарзда кўпайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам ҳар йили 11 ноябрь ‒ Ўзбекистон касаба уюшмалари куни юртимизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 11 ноябрдаги Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига йўлланган байрам табригида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва ушбу кунни дам олиш куни деб белгилаш таклиф этилган эди. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси билан 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилаш назарда тутилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уни қабул қилдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА