Польшанинг “Polsat News” янгиликлар телеканалида мамлакатимизда ўтказилган референдум натижаси шарҳланган навбатдаги 5 дақиқалик видеолавҳа намойиш этилди. Видео лавҳа муаллифи – референдумни ёритиш учун ушбу давлатдан Ўзбекистонга келган мухбир Магдалена Пернет. Журналист ушбу воқеани “Янги Конституция Ўзбекистон ҳаётига кириб келди”, дея талқин қилган. Шунингдек, референдумга қадар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар сони 20 миллионга яқинлашганини урғулаган.

– Натижадан келиб чиқиб, Ўзбекистонда Янги Конституция кучга киради. Шунга мувофиқ, кенг кўламли, жумладан, фуқаролар ҳуқуқи ва эркинлигини кенгайтириш, ёшлар тарбияси ва таълимига эътиборни ошириш, иқтисодиёт, сиёсат масалаларида жиддий ижобий ўзгаришлар юз беради, – деб ёзган журналист. – Умуман, 45 давлатдан 200 дан зиёд халқаро, Ўзбекистондан эса нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан 184 нафар маҳаллий кузатувчи ушбу муҳим сиёсий тадбирни жойларда бевосита кузатиб борганини таъкидлаган.