Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази негизида Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази;
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Жиззах политехника институти қошидаги Архитектор-лойиҳачилар ва қурувчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази негизида Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази ташкил этилади.
Ушбу марказларнинг асосий вазифаси:
қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига инновацион технологиялар ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга мўлжалланган малака талаблари, ўқув режаси ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;
халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтган ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
соҳадаги етакчи профессор-ўқитувчилар, маҳаллий конструкторлик- технологик муассасалар ва республикадаги йирик лойиҳалаш ташкилотларининг тажрибали амалиётчи мутахассисларини таклиф этган ҳолда, соҳадаги юқори ва инновацион технологияларга асосланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;
шартнома асосида тегишли йўналишлар бўйича хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига жалб этиш;
таълим ва ишлаб чиқариш бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлаб, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнини, шу жумладан, кўчма машғулотларни замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган ташкилотлар базасида ташкил этиш;
хорижий ҳамкор ташкилот ва олий таълим муассасалари билан биргаликда талабаларнинг архитектура, қурилиш, муҳандислик, дизайн йўналишлари бўйича халқаро касбий сертификатларни олишини йўлга қўйиш;
умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талаблари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари асосида ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш, шунингдек, архитектура ва қурилиш соҳасининг илғор ютуқлари, масофадан ўқитиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда малака оширишнинг инновацион шаклларини жорий этиш, ўқув-методик ресурсларни ишлаб чиқиш, таълим дастурларини такомиллаштиришдан иборат.
Марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.
ЎзА