Таҳлилларга кўра, ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сингари бизда ҳам камбағал қатлам мавжуд. Улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этиб, бу 4-5 миллион нафарга тенг одам деганидир.

Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш 2017 йилдан бошлаб мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши қилиб белгиланган. Мамлакатимиз ва ҳудудлар миқёсида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Муҳтожликни аниқлаш, шаффофликни таъминлаш ва манзилли ижтимоий ҳимояни амалга ошириш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона регистри” ташкил этилди ва маълумотлар ягона тизими яратилди.

Иқтисодчиларнинг фикрича, камбағалликни ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, кредит бериш билан қисқартириб бўлмайди. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришиш мумкин.

Маълумотларга кўра, 2020-2021 йилларда республикада камбағалликни қисқартириш воситаларининг асосий стратегик йўналишлари амалиётга жорий этилди. Бу билан юртимизда камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари яратилди. Шу билан бирга камбағалликни қисқартириш масалаларини мувофиқлаштирувчи вазирлик ҳамда ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий марказ ташкил этилди.

Шуни ҳам айтиш жоиз, пандемия шароитида эҳтиёжманд аҳолини моддий ва номоддий қўллаб-қувватлаш мақсадида жойлардаги 4 та сектор, маҳалла органлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда депутатлар билан биргаликда камбағал ва моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати –“Темир дафтар” тизими ташкил этилди.

Қолаверса, Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августда “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда маҳаллаларда “Темир дафтар”га киритилганлар билан ишлаш, дафтарлардаги маълумотларни янгилаб бориш ҳамда камбағал оилаларни рўйхатдан чиқариш масалалари биринчи планга кўтарилди.

Бугунги кунда юртимизда камбағалликни қисқартириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бу борада жаҳон тажрибасида кенг қўлланадиган камбағал оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш, инсон капитали сифатини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш каби учта воситадан фойдаланилмоқда. Жумладан биринчиси, камбағал аҳолининг доимий даромад манбаи яратилмоқда. Маълум қилинишича ушбу восита орқали камбағалликни қисқартириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Оилавий тадбиркорлик” дастурларининг қамров даражаси оширилмоқда, аҳоли томорқаларини ривожлантиришга, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда кооперативларга жалб қилинадиган шахсларнинг аъзолик бадалига, меҳнат органлари йўлланмаси билан ишга оладиган иш берувчиларга субсидиялар ажратилмоқда.

Иккинчи восита эса инсон капитали сифатининг оширилишидир. Бу билан камбағал аҳолини қўллаб-қувватлашда дастлабки босқичларда асосан имтиёзли кредитлар ва тўғридан-тўғри молиявий ёрдам бериш механизмига урғу берилган. Яъни камбағал аҳолининг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва касб-ҳунарга ўқитиш кейинги босқичдаги ишларнинг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олинган. Касб ва ҳунарга ўқитишда мономарказлар ташкил этилиб, устоз-шогирд анъанасини тиклаш ва кенгайишини рағбатлантиришга эътибор қаратилмоқда. “World skills” стандартларини амалиётга жорий этиш, ўқитиш ишларига нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ҳамда хусусий сектор кенг жалб этилмоқда.

Шунингдек, учинчи восита сифатида камбағал оилаларга тўғридан-тўғри моддий ва номоддий ёрдам кўрсатилмоқда.

Таҳлилларга кўра, эҳтиёжманд ва ишсиз хотин-қизларнинг кўпчилиги ўрта маълумотли, улар замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган. Ана шуларни инобатга олган ҳолда уларни касб ва ҳунарга ўқитиш учун мономарказлар ташкил этилиб, меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрланмоқда.

Камбағалликни қисқартириш борасида бир мамлакат тажрибасини бошқа мамлакатда айнан қўллаш имконияти, яъни ягона формуланинг мавжуд эмаслиги Ўзбекистонда ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос тизимини яратишни тақозо этди. Хусусан, дастлаб 2018 йилдан мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни тизимли амалга ошириш бошланган бўлса, ушбу тизим ва уни қўллаш механизмлари ўтган давр мобайнида амалиётда юзага келган камчиликлар ҳамда муаммоларни бартараф этиш орқали босқичма-босқич такомиллаштириб борилди.

Дастлабки босқичда дастур доирасида кредит маблағлари ҳисобидан фақатгина ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланадиган таъминотчилардан маҳсулот сотиб олиш белгиланган эди. Таклиф чекланганлиги, рақобатнинг мавжуд эмаслиги шароитида талабнинг ошиши, дастурлар доирасида харид қилинадиган айрим товарлар нархининг бозор қийматидан юқори сотилиши, сифати пастлиги каби бир қатор муаммоларни юзага келтирди. Бу, ўз навбатида, дастур доирасида ажратилаётган имтиёзли кредитлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатди.

Иккинчи босқичда мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида ҳудудий комиссиялар томонидан таъминотчиларни белгилаш амалиёти бекор қилинди. Имтиёзли кредитлар товарлар шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг маҳсулот етказиб берувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши белгиланди.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича маҳсулот сотиб олиш, кредит ажратиш ва ундан фойдаланишда инсон омили, таъминотчилар ўртасида рақобатнинг пастлиги мавжуд. Афсуски, бугунги кунда имтиёзли кредитларнинг мақсадсиз ёки ноўрин ишлатилиши каби муаммоларга дуч келяпмиз. Бу каби муаммолар эса дастурнинг самарали бўлишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай муаммоларнинг сақланиб қолаётгани дастур самарадорлигини янада ошириш бўйича муайян чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади.

Учинчи босқичда асосий эътибор оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича кредит ажратишда банклардаги инсон омилини йўқотиш, шаффофликни оширишга қаратилди. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича «Ягона электрон платформа» (www.oilakredit.uz) жорий этилиб, кредитлар бўйича ариза қабул қилиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди.

Қолаверса, имтиёзли ипотека кредит тури оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзанд(лар)ини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга берилади. Давлат дастури доирасида шаҳарлардан арзон квартиралар ва қишлоқ жойларидан бир қаватли уйлар ипотека кредити асосида берилади. Яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож аёллар учун квартираларни белгилаш туман (шаҳар) ҳокимиятларида ташкил этилган ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда камбағалликни қисқартиришнинг бош омили сифатида эҳтиёжманд оилалар учун доимий даромад топиш манбаларини яратиш ва кенгайтиришга кенг эътибор берилса, бу муаммоларга барҳам берилади.

 Шаҳноза Маматуропова, ЎзА