Жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида “Аrton” ва “Wehrhahn” Gmbh компаниялари томонидан Ўзбекистонда автоклавланган газобетон ишлаб чиқариш бўйича иккита янги завод учун Германия ишлаб чиқариш линияларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.

Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати маълум қилди.

Германия-Ўзбекистон бизнес форуми доирасида имзоланган ушбу ҳужжатга кўра, 2023 йилда Урганч ва Aндижон шаҳарларидаги иккита завод учун ишлаб чиқариш линиясини етказиб бериш белгиланган. Ишга туширилиши эса 2024 йилнинг охирига мўлжалланган.

Шунингдек, учрашувда компания вакиллари 2024-2025 йилларда Навоий ва Термиз шаҳарларида иккита янги завод қуриш, ишлаб чиқариш линиясини етказиб бериш ҳамда заводларни ишга тушириш бўйича меморандум ҳам имзолади.

Aндижон шаҳридаги заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 600 минг метр кубни, Урганч шаҳрида 300 минг метр кубни, умумий қиймати эса 46 миллион еврони ташкил этади. Термиз ҳамда Навоий шаҳарларидаги газобетон ишлаб чиқарувчи янги заводлар ҳам Германия ишлаб чиқариш линиялари билан жиҳозланади.

Термиз шаҳрида йилига 300 минг метр куб ишлаб чиқариш қувватига эга газобетон заводи, Навоий шаҳрида йилига 600 минг метр куб ишлаб чиқариш қувватли газобетон заводи ҳамда 2 миллион 250 минг метр квадрат фиброцемент панеллари заводи қурилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 75 миллион евродир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА