Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ахборот-кутубхона соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, нашрларга универсал ўнлик классификация ва кутубхона-библиографик классификация индекслари ҳамда нашрларга китобнинг халқаро стандарт тартиб рақами (ISBN) ва даврий нашрнинг халқаро стандарт тартиб рақами (ISSN) бериш Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Миллий кутубхона томонидан ЯИДХП орқали электрон хизматларни жорий қилиш бўйича техник ҳужжатлар 2023 йил 15 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигига тақдим этилади.

Шунингдек, Рақамли технологиялар ҳамда Адлия вазирликлари билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар ахборот- кутубхона соҳасидаги давлат хизматлари ЯИДХП орқали кўрсатилиши учун ахборот тизимлари ўзаро интеграциялаштирилади.

ЯИДХП орқали келиб тушадиган сўровлар бўйича ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун тасдиқномага эга бўлган юридик шахсларга тақдим этиладиган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади.

Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламент талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазолар қўлланилади.

ЎзА