АҚШ сувда сузадиган ва ҳавода парвоз қиладиган дронларни синовдан ўтказмоқда, келгусида дрон-танклар ишлаб чиқарилиши мумкин. АҚШ қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Марк Милли Foreign Affairs журналига берган интервьюсида шу ҳақда маълум қилди.
“Биз сув устида ва сув остида учувчисиз бошқариладиган сузиш воситалари устида эксперимент ўтказаяпмиз. Шунингдек, учувчисиз бошқариладиган замонавий қирувчи ва бомбардимончи самолётларни ҳам синовдан ўтказамиз. Келгусида учувчисиз бошқариладиган юк ташувчи транспортлар, танклар ва қуруқликда ҳаракатланадиган воситаларни кўрасиз”, – деган генерал Милли.
“Роботлаштирилган технологиялар ҳарбий соҳада жуда тез, ҳатто ўйлаганингиз ҳам тезроқ қўлланилмоқда”, – дея таъкидлаган у. Милли шунингдек, келажакда АҚШ ҳарбийлари сунъий интеллект технологиялар ҳамда квант компьютерларни ҳам қўллашни бошлаши мумкинлигини айтган.
“Менинг фикримча, буларнинг барчаси келажак урушларида ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш тамойилларига кучли таъсирини кўрсатади. Уруш ҳаракатларини олиб боришда мазкур технологияларни қўлланишини оптималлаштира олган мамлакат, можаро бошланиши олдида жуда катта устунликка эга бўлади”, – деб якунлаган у интервьюсини.