Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев франциялик ҳамкасби Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда республикага давлат ташрифи билан келишга таклиф қилди. Бу ҳақда матбуот хизмати Остонада ташқи савдо бўйича вазир-делегат, Қозоғистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси Оливье Бехт билан учрашув якунлари бўйича маълум қилди.

“Ишонаманки, Макрон менинг таклифимни қабул қилади, ташриф кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли шериклигимизни ривожлантиришга жиддий туртки бўлади. Франция Европадаги энг йирик ҳамкоримиздир”, деди Тоқаев.

Шунингдек, у француз бизнесининг Қозоғистон бозорида, хусусан, нефть-кимё, яшил энергия, авиация ва ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика соҳаларида кенгроқ иштирок этиш учун барча зарур шарт-шароитларни таъминлаб  беришга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, Бехт икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Қозоғистон давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарига кўра, учрашув чоғида томонлар халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишган.

ЎзА