Миллий гвардия органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 2022 йилда ноқонуний сақланган 44 та пневматик ва ов қуроли, 3 минг 202 дона ўқ-дори олиб қўйилган.
Бироқ, соҳа ходимларининг амалиётда ўз вазифаларини тўлақонли амалга оширишда ваколатлари чекланган.
Шу боис уларга аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан ўз вақтида чора кўриш учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир айрим ваколатларни бериш зарурияти юзага келмоқда.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш (баённома тузиш) ваколати берилмаганлиги сабабли улар ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга ҳал этиш учун юбориб келган. Бу ортиқча ҳужжат айланиши ва, энг ачинарлиси, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келган.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун шундай ҳолатларга чек қўяди.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик, қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар берилмоқда.
Қолаверса, бу каби ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.
Мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб қолади, албатта.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия органлари номидан қонунда кўрсатилган бошқарма (бўлим) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган мазкур қонун билан жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар бўйича Миллий гвардия органларига ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳуқуқи берилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА