Тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ноқонуний ўтказиш ёки олиб қўйиш, шунингдек, ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари учраб туради. Қонун ҳужжатларида бунинг учун жавобгарлик чоралари аниқ белгиланмаган.
Шу каби омиллар инобатга олинган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Қонунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиниши қайд этилди.
Қонун билан тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик юзасидан Жиноят кодексига қўшимча модда киритилди. Унга кўра, мазкур ҳолатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам содир этиладиган бўлса, содир этилган жиноятнинг тоифасига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан маъқулланган қонун тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга ва уларнинг мулкий ҳуқуқлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
А.Абдуллаев (сурат), ЎзА