“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳамда манфаатдор аҳоли вакиллари қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ўқитилмоқда.

Шу мақсадда “ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази ҳузурида “Тадбиркорлар мактаби” ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг қайд этишича,  марказда ўқув машғулотларининг муддати икки хафтага мўлжалланган бўлиб, унда асосан амалиётга урғу берилади. Амалий дарслар қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи, йирик корхоналарда ташкил этилади. Ўқув жараёни замонавий хориж стандартлари асосида ташкил этилган бўлиб, халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари Германия таълим тизимида кўп қўлланиладиган дуал-таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган.

– Ўқув машғулотларига ўз соҳасида юқори малакага эга маҳаллий ва хорижий мутахассислар ўқитувчи сифатида жалб қилинган. Танлов асосида жалқ қилинган 25 га яқин ўқитувчининг 4 нафари фан доктори, 3 нафари профессор, 7 нафари фан номзодидир.

Ўқув марказ бир вақтнинг ўзида 40 нафар тингловчига мўлжалланган бўлиб, тингловчилар барча зарурий таълим воситалари, ўқув қуроллари, адабиётлар билан таъминланган.

Ўқув машғулотлари якунида битирувчиларга “келажак учун бўнак” тамойили асосида махсус рақамланган сертификатлар тақдим этилади ва уларнинг кейинги фаолияти мутахассислар орқали доим қўллаб-қувватлаб борилади. Битирувчилар олган билим, кўникма ва малакаларидан фойдаланиб, ўз бизнесини бошлаш учун якка тартибда бизнес лойиҳа тайёрлайди. Ушбу жараёнда уларга соҳа  маслаҳатчилари бириктирилади ва доимий тарзда ҳудудларда ташкил этилган “Қурилиш материалларини ривожлантириш марказлари” томонидан амалий кўмак бериб борилади,  – деди Ж.Шерметов.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА