Бугунги кунда “КАМАЗ” компаниясининг Татаристон Республикасидаги ишлаб чиқариш комплексларида йилига 900 нафар номзодни касбга ўргатиш йўлга қўйилган. Ишлаб чиқариш жараёнларида 1 минг 800 нафар ўзбекистонлик ҳам меҳнат қилмоқда.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, компанияда бўёқчи, чилангар, пайвандчи, ҳайдовчи ва ҳайдовчи-электрик каби касб эгаларига бўлган талаб юқори бўлиб, компания вакиллари ушбу йўналишларда ўзбекистонлик ёшларни иш билан таъминлаш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб бориш истагини маълум қилган.
Шу боис, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда “КАМАЗ” компанияси Инсон ресурсларини ривожлантириш департаменти директори Лениза Хикматуллинанинг учрашуви ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасида касбий таълимни ривожлантиришда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
И.Абдураҳмонов ўзбекистонлик ёшларни талаб этилаётган касбларга ўргатиш, уларнинг тил малакасини ошириш ҳамда “КАМАЗ” компанияси ишлаб чиқариш комлексларида кафолатланган иш билан таъминлаш борасида бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, компания томонидан Ўзбекистондаги мутахассисликка мос коллеж ва техникумлар танлаб олиниб, уларда “Камаз” бренди остида тўлиқ таълим ҳамда касбий тайёрлаш дастурларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги профессионал таълим муассасалари базасида махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш, уни муваффақиятли якунлаб, сараланган битирувчиларни ишга жойлаштириш каби масалалар ўртага ташланди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида жалб қилинган ишчилар ҳақ-ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланиши, ижтимоий ҳимоя жараёнларининг тўлиқ амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА