Маълумки, Марказий Осиёда сувнинг 80 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади. Тоза сув билан боғлиқ мураккаб ҳолат минтақада озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин.

Таҳлилларга кўра, дунёда ҳар йили 5 ёшдан кичик бўлган ўртача 297 минг бола тозаланмаган ичимлик суви истеъмол қилгани ёки ана шундай сув билан қўл ювиши натижасида диарея касаллигига учраб вафот этмоқда. Мазкур рақамларнинг ўзи ҳам томчи сувнинг қадрини бугундан англашимиз, сувни тежашимизга асос бўлади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизи чўлланган. 2050 йилга қадар сувга бўлган талаб яна 50 фоизга ошади. Шу рақамларнинг ўзи ҳам табиатнинг бебаҳо неъмати бўлган обиҳаётдан тежамкорона, оқилона фойдаланишга ундайди.

Ўзбекистонда сув танқислиги қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига хавф, экспорт ҳажмининг қисқариши, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган аҳолининг турмуш сифати ёмонлашиши дегани.

Ўзбекистонда қурғоқчиликнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари учун Жиззах вилояти Зомин туманига сувни иқтисод қилувчи технологияларни жорий этиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-турда қайд этилишича, ўтган йилда Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалик соҳасида сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига жами 25 миллион 300 минг куб метр сув иқтисод қилинган. Жорий йилда бу кўрсаткич қарийб, 60 миллион куб метрга етказилиши режалаштирилган.

Даставвал вилоятда сув танқислигининг олдини олиш, ушбу долзарб масалани ҳал қилишда илғор инновацион усуллардан фойдаланиш борасидаги амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Журналистлар Даштобод туманида фаолият юритаётган чорвачиликка ихтисослашган “Жиззах органик” чорвачилик кластери фаолияти билан танишди. Бугунги кунда 10 минг бошдан ортиқ йирик ва 4 минг бошга яқин майда шоҳли моллар парвариш қилинаётган “Жиззах органик” кластери ушбу чорва учун зарур бўлган озуқа маҳсулотларини тўлиқ ўзида етиштирмоқда. “Жиззах органик”га қарашли экин майдони ёмғирлатиб суғориш усулида суғорилади. 3 йилдан буён шу йўл билан етиштирилаётган ғалла, маккажўхори ва бедадан юқори ҳосил олинмоқда. Бунда нафақат сув, балки ишчи кучи, ўғит, техника ва ёқилғи маҳсулотлари ҳам иқтисод қилинмоқда.

600 гектар маккажўхори экин майдонлари ёмғирлатиб суғориш техникасида суғорилади. Ушбу техника 3 кунда 500-600 гектарни суғориш қувватига эга. Ушбу техника орқали беда, маккажўхори, кўкатлар, ғалла каби ўсимликларни суғориш мумкин.  Экинларни суғориш учун сув ҳовузи ташкил этилган бўлиб, унинг параметрлари 200х300, баландлиги 6 метрни ташкил этади.

– Бу сув омборига 300 минг метр куб сув йиғилади, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги ДEМ 2/1 каналининг раҳбари Исломбек Холмуродов. – Бу сув омбори сувни тежаш мақсадида қурилган. Бу 600 гектар ерни суғоришга мўлжалланган. Авваллари 1 гектар ерга 900 литр сув сарфланган бўлса, ёмғирлатиб суғоришда 100-150 литр сув ишлатилади. Сув омборини каналдан тўлдирамиз. Каналдан ташқари ер тубидан чиқадиган сув орқали ҳам уни тўлдирамиз.

– Статистик маълумотларга қараганда дунё бўйича 164 мамлакат ичида сув танқислиги бўйича Ўзбекистон 24-ўринни эгаллайди. Бу дегани 2050 йилгача мамлакатимизда сув танқислиги кузатилади, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги медиа маслаҳатчиси Музаям Барноева. – Бугунги кунда бу муаммонинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда томчилатиб, ёмғирлатиб, пульсар суғориш технологиялари жорий қилинган. Қолаверса, ерни лазерлик текислаш орқали ҳам сувни тежаш имконияти бор. Бу технологиялар мамлакатимизда кенг жорий этилса, 70 фоиз сув тежалади. Шу боис сув тежовчи технологиялар тарғиботи бутун республикага қилиниши зарур. Чунки, айрим фермер ва кластерлар ер майдонларини суғоришда сувни тежовчи технологияларидан фойдаланиш катта даромад келтиришини билишмайди.

Айни пайтда Бухоро, Навоий, Қорақалпоғистон Республикасида сув муаммо. Шунинг учун 2024 йилдан мамлакатимизда “Сув ҳисоби” тизими ишга тушади. Бу борада ҳозирда Қашқадарё вилоятида тажриба синови ўтказилмоқда. Бу тизим орқали мамлакатимиз миқёсида ҳамма ҳудудлардаги сувлар мониторинг қилинади.

Бунинг ҳисоби олиниб, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этган фермерларга сув етказиб берилади. Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сувсиз ҳудудларга сув етказиб берилади. Эътиборли жиҳати шундаки, мутахассисларнинг ўрганишлари шуни кўрсатганки, бу технологияни жорий этган фермерлар 50 фоизгача кўп ҳосил олган. Бундан ташқари ишчи кучи икки баробар камаяди. Минерал ўғитлар ҳар бир дарахтнинг илдизига тўғри етиб боради. Шуни ҳам айтиш жоиз, бу каби сув тарғиботи сув танқислигининг олдини олиш, келажак учун, фарзандларимиз учун зарур.

Кейинги манзил Зомин туманидаги “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти бўлади. Мазкур Жамиятнинг умумий ер майдони 120 гектар бўлиб, олманинг 5 хил нави парваришланмоқда. Бугунги кунда боғ ҳосилга кирган. 2018 йилда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган.

– Бу боғлар лалмикор ерларда томчилатиб суғориш технологияси асосида ташкил этилган. Шу сабаб ҳосилдорлик оддий боғларга нисбатан бир неча баробар кўп, – дейди Зомин туманидаги “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти агрономи Улуғбек Маматов.  –  Томчилатиб суғориш тизимининг фойдали жиҳатлари кўп. Мисол учун, 1 туп дарахт учун анъанавий суғоришда 10 литр сув ишлатилган бўлса, томчилатиб суғоришда 2 литр сув талаб етилади. Натижада сувни 5-6 баробарга тежаш имконияти юзага келади. Ўтган йилда 1 гектар боғлан 18 тонна мева олдик. Энг муҳими ўғити ҳам сув орқали юборилади. Битта фермер мисолида таҳлил қилинганда сув сарфи харажатлари 50 фоизга, ўғит 37 фоиз, ёқилғи 35 фоизга қисқаради. Даромад эса 40-50 фоизга ошади.

–Бугунги кунда Жиззах вилоятидаги суғориладиган майдонларнинг 35-40 фоизида томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, дискет тарзда суғориш ҳамда лазер текислаш ишлари амалга  оширилган, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ўринбосари Бахтиёр Раҳматов. – Сув танқислигини юмшатиш ва сув ресурсларини тежаш мақсадида нафақат сувни тежовчи технологияларидан, балки ақлли сув ўлчагич иншоотлари, қурилмаларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, жорий йил 1 апрелда “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилади. Унга кўра, республика бўйича сув тежовчи технологияларни ташкил этиш учун субсидия ажратилмоқда. Вилоятдаги деҳқон ва фермерлар сув тежовчи технологияларидан фойдаланмоқда. Сув тежовчи ускуналар жорий этиш ҳар гектар ер ҳисобига сувни 40-50 фоизга тежаш имконини беради. Ҳосилдорликни 15-20 центнерга оширади. Буни вилоятимиздаги кўплаб кластер корхоналари, фермер хўжаликлари амалда синаб кўришган.

Соҳада амалиётга татбиқ этиладиган яна бир инновация – кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари ер майдонларини лазер ёрдамида текислаш. Бу орқали сув сарфи 20-25 фоиз, ўғит 15 фоиз тежалади, ҳосилдорлик камида 10 фоизга ошади. Шу мақсадда жорий йилда вилоятда 9 минг 800 гектар майдонни лезарли ускуна ёрдамида текислаш режалаштирилган.

Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни қўллаган фермер ва деҳқонларга қатор имконият ва имтиёзлар  яратиляпти.

Илгари фермерлар сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун субсидия олмоқчи бўлса, ортиқча қоғозбозликларга дуч келар эди. Биринчи бўлиб фермернинг аризасини туман ишчи гуруҳи, кейин вилоят, республика ишчи гуруҳи тасдиқлар эди. Шундан сўнг, масалага ечим топилар эди. Айни вақтда бу тизим онлайн амалга оширилмоқда. Зомин туманига дарё сувлари етиб келмайди. Бу ерда далаларни суғоришда артизан сувларидан кенг фойдаланилади. Шу боисдан томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш кенг йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича фермерларда билим ва кўникма етишмаётгани боис бу технологиялар оммалашмаган. Кўпчилик фермерлар томчилатиб суғориш технологиялари машаққат деб ўйлашади. Аммо бундай эмас. Мисол учун, технологиянинг сифати ва ишлаб чиқариш корхонасига қараб, 1 гектар ерга 20 миллиондан 25 миллионгача харажат қилинади. 1 гектарига лойиҳа қийматининг 8 миллиондан 10 миллионгача қисми субсидия сифатида қайтариб берилади.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА мухбири