Дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда.

Бу меъёр Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонунда акс этган.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликлар такрор содир этилгани учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланмоқда.

Эндиликда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.

Бундан ташқари, ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тўртта моддасида маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Мазкур моддаларда бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли миқдордаги жарималар ва номутаносиблик мавжудлиги инобатга олиниб, ўзгартишлар орқали бир турдаги маъмурий хуқуқбузарликка нисбатан битта моддада бир хил жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесилиши, кундаков қилиниши, шикастлантирилиши ёки йўқ қилиниши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.

Сенат Раиси ушбу масала ҳақида фикр билдириб, дарахтларни нобуд қилишнинг экологик, ижтимоий-иқтисодий жиддий оқибатлари хусусида бугун ортиқча изоҳга ҳожат йўқлигини қайд этди. Жамиятда бундай ҳолатга нисбатан муросасиз муносабат, яъни дарахт кесиш – жиноят, деган қараш шаклланди. Шу билан бирга, амалиётда ноқонуний дарахт кесиш ҳоллари тўлиқ барҳам топмаган бўлиб, мазкур жиноятнинг асосан оқибатлари билан курашилмоқда.

Яъни дарахтларга шикаст етказиб, нобуд қилиб бўлинганидан кейингина чора кўрилмоқда. Бу ҳол айниқса қурилиш соҳасида кўп кузатилмоқда. Қонун билан дарахтларни кесиш, шикастлантириш, йўқ қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган қурилиш лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун жавобгарлик белгиланаётгани алоҳида аҳамиятга эга.

Яъни нафақат бундай ноқонуний ҳаракатларни бевосита амалга  оширган шахсларни, балки биринчи навбатда, бунинг учун масъул бўлган мутасаддиларни ҳам тегишли жавобгарликка тортиш ҳақида сўз бормоқда. Демак, эндиликда нафақат оқибатлар билан курашиш, балким сабаб ва асосларга йўл бермасликнинг аниқ ҳуқуқий асоси яратилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Н.Абдураимова,  

А.Абдуллаев (фото), ЎзА