“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонунга мувофиқ Ҳукумат томонидан қонунчиликни ушбу янги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилиниши белгиланган.
Сенат ялпи мажлисида ушбу масалага ҳам эътибор қаратилди.
– Бу жараёнда таъсирчан парламент назоратини ўрнатишимиз лозим, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Ҳар бир қўмита ўз йўналишида қонунчилик хатловини ўтказиш ва мувофиқлаштириш жараёнида Ҳукумат билан яқиндан ишлаши зарур. Бу йўналишда ижобий амалиётни йўлга қўйган эдик. Яъни, амалдаги қонунлардаги бўшлиқлар, зиддиятлар ва аҳамиятини йўқотган нормалар бўйича мониторинг ишлари олиб борилиб, таклифлар Ҳукуматга киритиб борилди. Ўйлайманки, мазкур амалиётдан яна самарали фойдаланамиз.
Мажлисда Конституциянинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш ва тушунтириш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Мазкур тадбирларга нафақат тарғибот, балки аҳоли билан учрашувларни ўтказиш орқали халқимизнинг кайфияти, ташвишга солаётган масалаларни ўрганиш учун ҳам яна бир имконият сифатида қараш лозим.
Янгиланган Конституцияга мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бевосита юқори палатанинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини янада оширишни тақозо этади.
– Шу нуқтаи назардан Конституция талабларидан келиб чиқиб, Сенатнинг алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва кейинги ялпи мажлис тасдиғига киритишимиз керак бўлади, – деди Сенат Раиси. – Чора-тадбирлар дастурини тайёрлашда барча қўмиталаримиз бирдек масъул бўлиши зарур. Эндиликда, ҳокимиятнинг барча бўғинлари – парламентнинг ҳам, ижроия ҳокимиятининг ҳам, суд тизимининг ҳам – барчамизнинг энг асосий фаолиятимиз конституциявий кафолатларнинг юртдошларимиз ҳаётида бевосита акс этишини таъминлашга қаратилиши зарур.
Н.Абдураимова,
А.Абдуллаев (сурат), ЎзА