Янги Конституцияга мувофиқ давлат бошқаруви, иқтисодий, ижтимоий ривожланиш, суд-ҳуқуқ тизими, умуман олганда, барча йўналишларда сифат жиҳатдан катта ўзгаришлар амалга оширилади.
Сенат ялпи мажлисида шу масалага эътибор қаратилиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатининг ажратилиши экани қайд этилди.
– Энди ҳокимларнинг ўзлари қарор қабул қилиб, ўзлари раҳбарлик қиладиган маҳаллий Кенгашларда ушбу қарорларни тасдиқлатиш ва унинг ижросини назорат қилиш амалиётидан бутунлай воз кечилади, – деди Танзила Норбоева. – Чунки маҳаллий Кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида-алоҳида белгиланмоқда. Бу эса ушбу органлар масъулияти ва жавобгарлигини ошириш билан бир қаторда, вазифалар такрорланишининг ҳам олдини олади. Эндиликда, маҳаллий вакиллик органлари халқ номидан муҳим сиёсий қарорларни мустақил қабул қилади. Ҳокимликлар фаолияти устидан таъсирчан кенгаш ва депутатлик назорати ўрнатилади. Бундай янги ёндашув натижасида ҳокимиятлар бўлиниши принципи маҳаллий даражада татбиқ этилади. Кенгашлар назорати кучайиши ҳокимларнинг масъулияти ошишига замин яратади. Маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларининг бир-биридан ажралиши – Тошкент шаҳар ва вилоятларда 2024 йилги сайлов натижалари бўйича, туманларда эса 2026 йилдан бошлаб қўлланилади.
Мазкур шароитда Сенат ўзининг ҳудудлар манфаатини ифода этадиган орган сифатидаги янги конституциявий моҳиятидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш функцияси асосида улар билан ҳамкорлик даражасини янги босқичга олиб чиқиши лозимлиги қайд этилди.
– Жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг ечимида доимий комиссиялар ролини кучайтирамиз. Доимий комиссиялар аҳолини ташвишга солаётган масалаларни нафақат маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига, балки Сенат қўмиталари билан ҳамкорликда Сенат мажлисларига ҳам олиб чиқиш амалиётини кенг йўлга қўйишлари мақсадга мувофиқ, – деди Сенат Раиси. – Бундан ташқари, Янги Конституцияда белгиланган нормалардан келиб чиқиб, вакиллик органлари фаолиятини тартибга солишга доир барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ қайтадан кўриб чиқилади.
Н.Абдураимова,
А.Абдуллаев (сурат), ЎзА