Бугун Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида бизнес-форум бўлиб ўтди. Тадбирда ҳар икки мамлакатдан 250 дан зиёд ишбилармон доира вакиллари, компания ва саноат корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Германия бизнес вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни, жумладан, республикада хорижий инвесторлар учун қулай меҳнат шароити яратилганини алоҳида эътироф этишди.
“Bohlen Industrie” компанияси бошқарув директори Экберт фон Болен Халбах икки томонлама муносабатлар ривожланаётганини таъкидлаб, иқтисодий соҳада олиб борилаётган оқилона сиёсатни юқори баҳолади.
– Тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, мамлакатингизда бизнес муҳити аллақачон ҳукм суришни бошлаганини, бу борада қилинаётган салмоқли ишларни олқишлайман. Таъкидлашим жоиз, Ўзбекистон бозорига қизиқиш катта, бугун бўлиб ўтган бизнес-форум ҳам тадбиркорларимиз ўртасида ўзаро мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим савдо ҳамкори ҳисобланади. Бунда мамлакатнинг тинимсиз ҳаракати ётибди. Яъни, юртингиз янги бизнес ғоя ва таклифлар учун ҳамиша очиқ, бу йўлда ҳукуматингиз томонидан барча чоралар кўрилган.
Масалан, Ўзбекистонни ишбилармон вакилларга иқтисодий кўмак тарафлама қўллаб-қувватлашга тайёр давлат деб биламан.
Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.
ЎзА