Айни пайтда Марказий Осиё халқаро институтида ​“Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ички ривожланиш жараёнлари ва стратегик шерикликнинг истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.

МОХИ ва Хитой замонавий халқаро муносабатлар академиясининг Евроосиё тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки тузилма директорлари Владимир Норов ва Дин Сяосин, шунингдек, таҳлил марказлари етакчи экспертлари гуруҳи иштирок этмоқда.

Суҳбатда Хитой томонига Янги Ўзбекистонни барпо этишда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва асосий қонунимизни замонавий воқеликлар билан уйғунлаштиришга қаратилган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда бўлажак референдум тўғрисида маълумот берилди.

Тадбирнинг кириш қисмида Владимир Норов Ўзбекистон Президентининг 2022 йил декабрда парламентга ва халққа Мурожаатномаси ўтган йилнинг муҳим сиёсий воқеаси сифатида эътироф этилгани, унда мамлакатимизни келгуси давр учун ислоҳ қилиш ва модернизация қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилганини таъкидлади.

Шунингдек, замонавий шароитда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб муаммолари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Икки ва кўп томонлама муносабатлар доирасида  халқаро ташкилотлар ва  платформаларда (БМТ, ШҲТ, “Марказий Осиё-Хитой” форматида) конструктив ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани қайд этилди.

Ҳозир Хитой замонавий халқаро муносабатлар академиясининг Евроосиё тадқиқотлари институти директори Дин Сяосин нутқ сўзламоқда.

Тадбир икки мамлакат илмий ҳамжамияти вакиллари ва экспертлари ўртасида очиқ ва конструктив фикр алмашиш, амалий таклифлар ишлаб чиқиш ва икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим платформа вазифасини ўтайди.

Беҳруз Худойбердиев, Алимурод Мадаминов (сурат) ЎзА