Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Иккинчи халқаро инвестиция форумида Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам иштирок этмоқда. ЎзА мухбири мартабали меҳмондан қисқа интервью олди.

– Ўз вақтида ташкил этилган мазкур анжуман ишбилармон доира вакиллари билан ҳукумат аъзолари ўртасида мулоқот майдони яратганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида келтирган фактлар ҳамма учун қизиқарли, деб ўйлайман. Масалан, Ўзбекистон минтақада энг қулай фискал тизим яратиш бўйича ижобий ўзгаришга эришгани таъкидланди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилган. Олдин ушбу кўрсаткич 20 фоиз экан. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қайтариш жорий қилиниб, солиқ ва божхонада ўзаро ҳисобга олиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари хорижий инвестор акциядан оладиган дивиденд уч йил муддатга солиқдан озод қилиниши, фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилиши жуда катта натижа. Буларнинг бари инвесторлар учун қулайлик яратиш, иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган, пухта ўйланган ислоҳотлардир. Айни имтиёз, имкониятлар Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини янада оширади.

Гувоҳ бўлганингиздек, форумда сўзга чиққан Саудия Арабистони, Венгрия, Қирғизистон ҳукумати вакиллари ҳам айни жиҳатларни алоҳида эътироф этди.

Ўйлаймизки, бу форум нафақат Ўзбекистон, балки минтақа давлатлари, айниқса, қўшни мамлакатлар учун жуда фойдали, самарали бўлади.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА