Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар адлия бўлимига “Нукус полиграфкомбинати” МЧЖнинг компенсация пулини ундириб беришни сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.

–Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 августдаги “Республика ҳудудларида “BUSINESS CITY”  замонавий  ишбилармонлик  марказларини  ташкил  этиш  чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан, Нукус шаҳрида “IT-PARK” марказининг қурилишига оид Нукус шаҳар ҳокимининг 2020 йил 4 июлдаги қарори қабул қилинган,–дейди Нукус шаҳар адлия бўлими бошлиғи Нурнияз Сапарниязов. – Мазкур  қарорга  мувофиқ, Нукус  шаҳри, Қарақалпақстан  кўчаси 9-уй манзили бўйича жойлашган “Нукус полиграфкомбинати” МЧЖга тегишли бўлган ер участкалардаги иморатни бузиб, ер ўрнини шаҳар ҳокимлиги ер фондига қайтариб олиш ва компенсация пулларини тўлаб бериш назарда тутилган. Шаҳар ҳокимлиги ва “Нукус полиграфкомбинати” МЧЖ ўртасида олиб қўйилиши режалаштирилган ер участкаси, унда жойлашган иморатлар учун компенсация тўловларини амалга ошириш 2020 йил 20 август куни нотариал тартибда келишув шартномаси расмийлаштирилган ҳамда ушбу шартномага асосан, ҳокимлик томонидан жами 9 миллиард 748 миллион сўм миқдорида компенсация пуллари тўланиб берилиши белгиланган.

Аммо, шартнома шартлари “Нукус полиграфкомбинати” МЧЖ томонидан тўлиқ бажарилган бўлишига қарамасдан, Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан шу кунга қадар шартномада кўрсатилган компенсация пуллари тўланиб берилмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил  16-ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 41-бандига мувофиқ, қуйидагилар компенсация қилиб берилади:

а) олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;

б) олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;

в) кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;

г) жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;

д) қонун ҳужжатларида ёки Келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар.

Мазкур ҳолат юзасидан адлия бўлими томонидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, Нукус туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Суд томонидан ушбу даъво ариза қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, натижаси бўйича даъво ариза қаноатлантирилди. Натижада, “Нукус полиграфкомбинати” МЧЖ фойдасига 9 миллиард 748 миллион сўм миқдордаги компенсация пули ундириб берилиши ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниши таъминланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири