Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти очиш тартиби қандай ҳамда улар амал қилиши лозим бўлган асосий талаблар ва шартлар нималардан иборат?

Бугунги кунда нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги тегишли қарори билан тартибга солинади.

Мазкур қарорга мувофиқ лицензия талабгори лицензияни олиш учун «Лицензия» ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон равишда қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда юбориши лозим:

1) ариза;

аризада қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, электрон почтаси (мавжуд бўлса), таълим фаолиятини амалга ошириш манзили, банк муассасасининг номи ва банк ҳисоб варағи, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги;

2) педагог кадрлар ҳақида маълумот;

3) ўқув режаси ва дастурларининг электрон нусхалари;

4) таълим-тарбия фаолияти юритиладиган бинога мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

5) аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим (базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари).

Юқоридаги қарор билан тасдиқланган махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низомга мувофиқ нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун асосий лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат.

1. Ўқув ва ўқув-методик адабиётлар ҳамда ахборот-ресурс базаси билан таъминланганлиги

2. Таълим олувчилар сонига тўғри келадиган ўқитувчилар штат бирликлари

3. Ўқитувчиларнинг малака тоифаларига (лавозимларига) кўра салоҳияти

4. Чет тили ўқитувчиларининг чет тилини билиши даражаси

5. Умумий ўрта (ўрта махсус) таълим ташкилотининг ҳудудига қўйиладиган талаблар

6. Ахборот технологиялари билан таъминланганлик даражаси

7. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига имтиёз тақдим этилганлиги

8. Шунингдек, барча таълим турлари учун белгиланган умумий лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлик.

ЎзА