Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Президентимизнинг бу борадаги фармонида БМТ Бош котибининг жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари эътироф этилди.

Олий мартабали меҳмон юксак даражадаги ҳурмат-эҳтиром ва тақдирлашдан бағоят мамнун эканини билдирар экан, қуйидаги фикрларни баён қилди.

– Бугунги тақдирлаш мен учун яна бир бор Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ажойиб мезбонлик ва меҳмондўстлик белгиси ҳисобланади, – дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. – Буни нафақат мен учун, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бутун жамоаси – ўз ҳаёти ва тинчлигини аямасдан дунё бўйлаб ҳаракат қилаётганлар, жумладан, Ғазо секторида ҳаётдан кўз юмган 200 га яқин ходимларимиз, глобал нотинч шароитда, иқлим ўзгариши ва бошқа қийинчиликлар, муаммолар тобора ортиб бораётган даврда ташкилотимизга билдирилган ҳурмат белгиси, деб ҳисоблайман. Мен учун жуда катта мамнуният бахш этадиган яна бир ҳолат шуки, ушбу мукофот дунёдаги энг улкан ислоҳотларни амалга ошираётган шахс томонидан менга тақдим этилганидир.

Ўз кузатувлари орқали мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг моҳиятига назар ташлар экан, БМТ Бош котиби, жумладан, қўйидаги жиҳатларга алоҳида урғу берди.

– Ўзбекистон заминига биринчи марта 20 йил муқаддам келган эдим. Расмий ташрифим эса Жаноб Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятини бошлаган йилда амалга оширилган эди. Мана шу вақт давомида мен кузатиб шунга иқрор бўлдимки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бошлаган ислоҳотлари Ўзбекистон халқининг асосий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистондаги ислоҳотларни кузатар эканмиз, тўлақонли равишда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келишига иқрор бўлдик. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар белгиланган кун тартиби айнан Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган стратегик режада ҳам ҳамоҳанг равишда акс этганини кўрдик. Бу, албатта, фикрларимиз, қарашларимиз уйғунлигидан, ҳамжиҳатлигимизнинг юқори эканидан далолат беради.

Ўз сўзида келажакда Марказий Осиё тўлақонли интеграциялашган бир минтақага айланишига умид билдирар экан, Антониу Гутерриш бунга мантиқий асослар билан таъриф берди. 

– Биз билар эдикки, бир пайтлар Марказий Осиёда тарқоқлик кенг илдиз отган эди. Бугунги кунда эса минтақада янгича муҳит яратилди. Бу албатта, дўстлик, ҳурмат ва масалаларни ҳамжиҳатликда кўриб чиқиш, мавжуд қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишга асосланган муҳит бўлди.

Жуда кўп инсонлар Марказий Осиёни дунё цивилизациясининг чорраҳаси деб атайдилар. Менимча, бу янглиш фикр. Мен Марказий Осиёни дунё цивилизациясининг маркази деб биламан. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Самарқанд ва Бухорога боришнинг ўзи кифоя қилади.

Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевни фаолияти давомида минтақадаги кўприк ўрнатувчи ташаббускор, тинчлик элчиси десам муболаға бўлмайди. Айни вақтда адолатга асосланган фаровонликни ташкил қилиш ва уни ўрнатиш бўйича жуда фаол иш олиб бормоқда. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла уйғун.

Мана, яқинда инсон ҳуқуқлари бўйича мунтазам ҳисобот тақдим этилди. Ундаги тавсияларнинг аксарияти Ўзбекистон томонидан қабул қилинди ва уларни амалга оширишга киришилмоқда. БМТ бу ишларда ҳукуматга яқиндан кўмаклашишга тайёр.

Шу билан бирга, Жаноб Президент раҳбарлигида Ўзбекистонда юқори марраларни кўзлаб амалга оширлаётган ишларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Биргаликда шундай ҳаракат қиламизки, Ўзбекистон аҳолиси ўзи сазовор бўлишга лойиқ бўлган келажакка эришади.

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ

ёзиб олди.