Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарорлиги ва ўсишини таъминлашда ички ва ташқи имкониятлар муҳим ҳисобланади. Шу жумладан, барча соҳаларда ютуқ ва камчиликлар ҳамда бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилиш катта фойда беради.

Шу талаблар асосида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш йўлида ишлаб чиқариш натижалари билан бир қаторда, хорижий давлатларнинг барча соҳалардаги ўсиш омиллари ўрганилади.

Бугунги кунда дунё бўйича ўзининг иқтисодий қудрати билан кўплаб давлатлардан устунлик қилаётган Хитой Халқ Республикаси қайси омиллар асосида бундай натижаларга эришди?

Ушбу савол билан Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Зульфия Костюченкога юзландик.

– Албатта, ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ютуқларида айнан ўша ҳудудга хос муҳим омиллар бўлади, –деди З.Костюченко. – Бу омиллар эса деярли барча соҳалар учун муваффақият келтиради. Илмий муассасамиз мутахассислари ўсиш омили сифатида ватандошларни жалб қилиш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиб чиқди.

Хитой иқтисодий мўъжизаси мамлакатни иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатга айлантирган фавқулодда ҳодиса бўлди. Бунда асрлар давомида шаклланган ва ҳозирда турли манбаларга кўра, дунёнинг 198 та мамлакати ва турли минтақаларидаги  50 миллион нафардан 60 миллион нафаргача кишини ташкил этувчи Хитой диаспораси муҳим рол ўйнади ва ўйнашда давом этмоқда.

Агар иқтисодий қудрат шакллана бошлаган 80-йилларда хитойлик муҳожирлар мамлакатга сармоя киритувчи асосий сармоядорлар вазифасини бажарган бўлса, ҳозир кўп ҳолларда Жануби-шарқий Осиёда Хитойнинг “Белбоғ ва йўл” ташаббуси тарғиботчилари бўлмоқда.

Ҳозирги кунда ҳам Хитойга киритилаётган хорижий сармояда хитойлик муҳожирларнинг улуши катта.

Шу мақсадда сўнгги йилларда Хитой ҳукумати тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун очиқ бўлган тармоқлар сонини кенгайтириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Булар асосан ишлаб чиқариш саноат тармоқлари, айниқса, юқори технологияли соҳалардир.

Ҳукумат хорижий инвестициялар бўйича кўплаб чекловларни олиб ташлади ва тажриба тариқасидаги эркин савдо зоналари механизмидан фаол фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, Хитой бутун дунё бўйлаб хориждаги ватандошлар салоҳиятини жалб қилишга қаратилган кенг тармоқли ва фаол тизимга эга.

Масалан, Хорижда истиқомат қилувчи хитойликлар иши бўйича махсус департамент хориждаги хитойлик ишбилармонлар ва маҳаллий корхоналар ўзаро келишиб олиши, музокаралар ўтказиши ва ҳамкорликни йўлга қўйиши учун платформалар яратади. Департамент ушбу платформалар доирасида хитойлик муҳожирлар сармоясини жалб қилишга қаратилган кўплаб тадбирларни ўтказади. Уларнинг орасида Хорижда Хитой тадбиркорлигини ривожлантириш ярмаркаси, Хориждаги Хитой саноат ярмаркаси, Илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик ярмаркаси бор.

Хориждаги Хитой тадбиркорлари ассоциацияси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ассоциация хорижда Хитой тадбиркорлиги ярмаркаларини ташкил этишга ихтисослашган. Мақсад Хитойни ривожлантириш учун муҳожирларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш.

Хитой ҳукумати “China International Import Expo”, “Service Trade Fair” ва “Consumer Expo” каби йирик кўргазмаларни ташкил этади. Бундай тадбирлар йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун халқаро платформа вазифасини бажаради. Хитойлик ишбилармонлар ва хориждаги Хитой компаниялари ҳам ўз брендларини тарғиб қилиш ва Хитой бозорига кириш йўлларини ривожлантирган мақсадида ушбу кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Хитойда чет элга ўқиш учун кетаётган хитойликлар сонининг ҳар йили барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бошқа томондан, диплом ва илмий даража олиб, Хитойга қайтган фуқаролар сони ҳам ортиб бормоқда. 2021 йилда бир миллиондан ортиқ хитойлик битирувчилар ўз ватанига қайтди. Бу 2019 йилдагига (777 минг) нисбатан анча кўп.

Барқараор ўсаётган иқтисодиёт, фан ва техника, иқтисодиёт, таълим ва давлат бошқаруви каби соҳаларда янги иш ўринларининг ташкил этилиши битирувчиларда ўз ватанига қайтиш истагини кучайтирмоқда.

Хулоса шуки, Ўзбекистон хориждаги ватандошларни жалб қилиш бўйича Хитой тажрибасини синчиклаб ўрганиши мақсадга мувофиқдир. Чунки хориждаги ўзбек диаспорасининг салоҳияти жуда юқори ва ушбу салоҳиятдан унумли фойдалана олиш мамлакатимиз иқтисодиёти учун каттагина наф келтиради.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.