Давлат идоралари ва корхоналарида инсон ресурсларини бошқариш фаолияти рақамлаштирилди

Бугунги кунда давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмаларининг асосий вақти ортиқча қоғозбозликка сарфланмоқда. Ўтказилган сўров ва таҳлилларга кўра, ходимларнинг ҳужжатларини архивлаштириш кадрлар бўлинмалари ходимлари иш вақти ва ҳажмининг 25 фоизини, қабул қилиш, бўшатиш ва хизмат сафарлари каби меҳнатга оид муносабатлар ҳужжатларини тайёрлаш, уларни расмийлаштириш эса 20 фоизини талаб қилмоқда.

Шунингдек, таҳлилларга кўра, вазирлик ва идоралар, уларнинг қуйи тизимлари, ҳамда маҳаллий ҳокимликларни ҳисобга олганда бир йилда бир неча тонна қоғоз сарфланмоқда. Бу қоғозбозлик ва оворагарчиликларнинг олдини олиш, шунингдек, кадрлар бўйича электрон архив юритиш мақсадида HRM.ARGOS.UZ автоматлаштирилган дастури ишлаб чиқилди.

Соҳада бюрократик тўсиқларга чек қўйиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартиришга қаратилган ушбу тизим давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz, ягона миллий меҳнат тизими – my.mehnat.uz электрон дастурлари билан интеграциялашган. Ходимлар ва меҳнатга доир маълумотлар автоматик тарзда ушбу дастурда шаклланади. Мазкур тизим 2023 йил 1 февралдан давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилмоқда. Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини ривожлантириш бўлинмалари бюрократия ва ортиқча қоғозбозликдан ҳоли бўлган қуйидаги қатор қулайликларга эга бўлади.

– ҳужжатларни расмийлаштириш;

– таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон базага жойлаш;

– ходимлар давомати ва иш вақти ҳисоби табели;

– хизмат сафари, меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даврини электрон шаклда қайд этиш;

– кадрларга оид иш юритув ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш;

– ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш ва уларни масофавий малакасини оширишга эришилади;

– кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архиви юритилади.

Бугунга қадар тизимга 4 мингдан ортиқ ташкилотлар уланди.

ЎзА