13 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Форум давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, ушбу мамлакатнинг амалдаги расмийлари томонидан жаҳон ҳамжамиятининг инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятини ҳамда миллий озчиликнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби асосий талабларининг бажарилиши муҳокама қилинди.

Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат миллий иқтисодиётини тиклашга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро терроризм, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашда Афғонистонга қўшни давлатларнинг чора-тадбирларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили сифатида Афғонистон салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳимлиги қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан, томонлар Афғонистон ҳудудида қўшни давлатлар иштирокида нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки бу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаол интеграциялашувга хизмат қилувчи инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканликларини билдирдилар.

Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари учрашуви якунлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Форум тадбирлари доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Покистон ташқи ишлар давлат вазири Ҳина Раббоний, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён билан учрашувлар ўтказди.

Шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги етакчиси, 14 апрель куни ўтказиладиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Самарқандга келган Беларусь Республикаси ташқи ишлар вазири Сергей Алейник, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев билан учрашди.

Мулоқотлар чоғида давлатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири