Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Ҳиндистон соғлиқни сақлаш халқаро форуми қизғин давом этмоқда. Унда иштирок этаётган соҳа вакиллари, чет эллик мутахассисларнинг форум ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдик.

Соҳан Читланже: D.Y.PatilCollege of Ayurved, Hospital &Research Centre университетининг фармацевтика йўналиши раҳбари

– Бир соҳа вакилларининг, қолаверса энг тажрибали мутахассисларнинг бир жойда мана шундай нуфузли форумда бирлашиши жуда катта ижобий натижаларга сабаб бўлади. Бугунги форумда ўзаро тажриба ва фикр алмашиш, ютуқлар ва камчиликларни таҳлил қилиш учун энг қулай муҳит яратилганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Олий таълим даргоҳимиз Ҳиндистондаги энг нуфузли хусусий тиббиёт университетларидан бири ҳисобланади. Форум иштирокчиларига университетимиз ҳақида батафсил маълумот бердим.

Хабарингиз бор, Ҳиндистон дунёда фармацевтика маҳсулотларни етказиб берувчи учинчи давлат ҳисобланади. Бу шуни англатадики, Ҳиндистонда фармацевтика саноати жуда ривожланган. Шу ўринда айтиш керак, университетимизда фармацевтика йўналишида нафақат таълим жараёни балки илмий ишларга алоҳида эътибор қаратилади. Бир қанча хорижий мамлакатлардан талабалар келиб ўқийди.

Афсуски, фармацевтика соҳасида ўқийдиган кўплаб ёшларда келгусида дорихоналар очиш ва дорихоналарда ишлашни мақсад қилади. Аслида фармацевтика соҳаси дорихонага етиб борадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни, янги форумлар яратишни, ишлаб чиқилаётган дори маҳсулотларининг ҳар томонлама сифати, хавфсизлиги, фармакологик хусусиятларини илмий томондан чуқур ўрганиш бу фармацевт қилиши керак бўлган иш ҳисобланади. Ҳозирги кунда нафақат Ҳиндистон балки бутун дунё бозорида малакали фармацевтларга талаб ортиб бормоқда.

Бу форумга ташрифимиздан асосий мақсад университетимизни кенг жамоатчиликка таништириш, юртингиздаги тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш, талабалар ва профессор ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйишдан иборат. Шу билан бирга, уларнинг малакасини ошириш бундан ташқари Ўзбекистонда фаолият юритаётган фармацевтика компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Қолаверса, ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга фармацевтика соҳасидаги илмий тадқиқотлар томонидан ёрдам бериш ва шу ишлар орқали Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика саноати ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

Сўзим якунида шуни айтиш керак, мамлакатингизда тиббиёт, фармацевтика соҳаси ривожланиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу соҳани янада такомиллаштиришда соҳа кенг ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, бугунгидек форумларнинг ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Гўзал Сатторова ёзиб олди.

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА