Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Элликқалъа тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган “Тун” тадбири давомида гумон қилинувчи фуқаронинг ёнидан гиёҳвандлик моддаси топилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, олиб борилган тезкор қидирув тадбири натижасида Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “COBALT” русумли транспорт воситаси Элликқалъа тумани Сарабий овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеў” авто йўлининг 606-609 километри оралиғида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Фуқаро М.Б. эгнидаги оқ рангли спорт кийимининг ўнг томон чўнтагидан оқ рангли целлофан пакетга ўралган, ичида жигар рангли, ўткир ҳидли, юмшоқ, ёпишқоқ ҳолдаги модда борлиги аниқланди ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан тайинланган судга оид-кимёвий экспертиза хулосасида М.Б. дан олинган жигар рангли, ўткир ҳидли, юмшоқ, ёпишқоқ ҳолдаги модда таркибида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлиши тақиқланган, умумий соф оғирлиги 116 (бир юз ўн олти) грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.М. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири