Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги парламент делегациясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташрифи бошланди.
Ташриф дастуридан сайловчилар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоатчилик фаоллари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари билан учрашувлар ўрин олган.
30 апрель куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Конституциясини янги таҳрирда қабул қилиш бўйича референдумга тайёргарликнинг бориши юзасидан «Темурбеклар мактаби»да бўлиб ўтган учрашувда бўлажак референдумнинг муҳимлигини таъкидланди. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари йиғилганларнинг эътиборини Қорақалпоғистонда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бўлажак референдумга нисбатан юксак кайфиятига, янгиланаётган Конституция лойиҳаси халқ орасида қўллаб-қувватланаётганига қаратди.
Ҳаётий мисоллар асосида мустақиллик йилларида ҳудудда эришилган натижалар, фуқароларнинг турмуш шароити сифат жиҳатидан яхшилангани кўрсаткичлари келтирилди.
Депутатлар «Nukus windows profil» МЧЖ меҳнат жамоаси билан учрашув ўтказди, уларнинг иш ва турмуш шароити билан қизиқди. Корхона ходимлари халқ вакилларига бўлажак референдум юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, атрофлича жавоб олди.
Нукус шаҳрида депутатларнинг Сарвиноз маҳалласи фуқаролари билан учрашуви очиқлик ва конструктивлик руҳида ўтди. Маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳоли билан ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш, уларга зарур маълумотларни етказиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масалалари муҳокама қилинди.
Депутатларнинг фермерлар, хусусан, Кегейли тумани фермер хўжаликлари вакиллари билан ўтказган учрашувлари ҳам самарали бўлди. Қишлоқ хўжалиги кластерлари фаолияти атрофлича муҳокама қилиниб, ижро ҳокимияти вакиллари иштирокида фермерлар томонидан кўтарилган бир қатор амалий масалалар ҳал этилди.
ЎзА