Давлатимиз раҳбари дастлаб мазкур институтнинг асосий йўналишлари, илмий ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан танишди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида табиий бирикмалар кимёси, биологияси ва технологияси соҳасида катта илмий мактаб шаклланган. Бугунги кунда ушбу муассасада 159 илмий ходим табиий бирикмалар кимёсини ўрганиш, улар асосида тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун дори воситалари ҳамда кимёвий препаратлар яратиш борасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Истиқлол йилларида бу ерда 500 дан ортиқ ўсимлик турлари кимёвий таркиби ўрганилиб, улардан 1 минг 200 дан зиёд модда ажратиб олинган. 246 янги алкалоид, 100 дан ортиқ фенол бирикмалари, 50 дан зиёд терпеноид бирикмаларнинг кимёвий тузилиши исботланган. 5 мингдан ортиқ гетероциклик бирикма синтез қилиниб, уларнинг фаоллиги ўрганилган.
Институт қошидаги тажриба ишлаб чиқариш корхонасида 20 га яқин дори воситаси субстанциялари ишлаб чиқарилмоқда, йилига 100 тонна ўсимлик хомашёси қайта ишланмоқда. 2017 йилда Россия Федерацияси, Франция, АҚШ каби давлатларга 2,5 миллион доллардан ортиқ миқдордаги биологик актив субстанция ва биореактивлар экспорт қилинган. Бундан ташқари, мамлакатимиз фармацевтика корхоналарига биологик субстанциялар етказиб берилмоқда.
Шавкат Мирзиёев мазкур даргоҳ ўзининг илмий салоҳияти билан нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда етакчи ўринларда туриши, бу ерда яратилаётган янгиликлар фармацевтика саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 16 сентябрдаги “2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида фармацевтика соҳасини ривожлантириш, хориждан келтириладиган дори воситаларини маҳаллий хомашёдан ажратиб олиш технологияларини ишлаб чиқиш ва уларни чуқур қайта ишлаш асосида янги дори воситаларини яратиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилган эди. Шунга мувофиқ Ўсимлик моддалари кимёси институтида халқаро талабларга жавоб берувчи GMP заводи барпо этилмоқда.
Бунинг натижасида йилига 500 тоннадан зиёд ўсимлик хомашёсини чуқур қайта ишлаш имконияти яратилади. Жорий йилдан 30 дан ортиқ табиий тоза, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхона билан танишди, олимлар томонидан тайёрланган биологик актив субстанцияларини кўздан кечирди.
– Дори субстанциялари фармацевтика саноатининг асосий омилидир. Бунинг учун ўсимликларни чуқур қайта ишлаш, жаҳон илмий ютуқларини ўрганган ҳолда бугунги кунда талаб юқори бўлган препаратларни яратиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз институт фаоллар залида олий таълим ва ЎзФА илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди. Унда мамлакатимизда олимлар, академиклар билан мунтазам учрашиб туриш анъанага айлангани, Ҳаракатлар стратегияси асосида илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳани ривожлантиришда муҳим омил экани қайд этилди.
– Ҳамма соҳанинг келажаги сизларга, илм-фанга боғлиқ. Бундан кейин мамлакатимизга келаётган ҳар бир хорижий инвестициянинг муайян фоизи илм-фанни ривожлантиришга ва илмий кадрлар тайёрлашга йўналтирилади. Илм-фан ривожлансагина эртанги кунимиз ҳақида тасаввур қила оламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Учрашувда сўзга чиққан олимлар Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уларга катта хурсандчилик, моддий ва маънавий рағбат берганини,бундан буён бор билим, куч-ғайрат ва шижоатини илм-фан ривожига қаратишларини алоҳида қайд этдилар.