Карл III бугун Германияга уч кунлик ташрифини бошлайди, бу унинг ўтган йилнинг сентябрида тахтга чиққанидан кейин биринчи хорижга сафари бўлади. Давлат раҳбарининг расмий қароргоҳи – Букингем саройидан маълум қилишларича, сафарда унга Қиролича консорти Камилла ҳамроҳлик қилади.

Карл III Иккинчи жаҳон урушидан кейин Берлинда ҳарбий шараф билан қабул қилинган ва Бундестагда нутқ сўзлаган биринчи Британия монархи бўлиб тарихга киради.

Букингем саройида таъкидланганидек, “ташриф Буюк Британиянинг Германия билан муносабатларига ҳурмат бажо келтириш, икки мамлакатнинг умумий тарихи, маданияти ва қадриятларини таъкидлаш” учун мўлжалланган.

Сафар “узоқ муддатли ҳамкорлик ва муроса меросига олиб келган умумий ўтмишдаги қурбонликлар ва муаммолар ҳақида фикр юритиш” имконини беради, дейилади сарой хабарида.

Қирол ва Қиролича шарафига Берлин аэропортида замбараклардан 21 марта ўқ узилади.

 

ЎзА