Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда вазиятларни бошқариш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган навбатдан ташқари саммити нутқ сўзлади.

–Дўстларимиз диёрида юз берган, мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, биродар халқларимиз минг йиллар давомида турли мураккаб вазият ва муаммоларни ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик билан мардона енгиб ўтганлар.

Ўзбекистон халқи дўстларимиз бошига тушган оғир кунларда “Туркия, биз сен билан биргамиз!” дея бир тану бир жон бўлиб, турк биродарларимизга ёрдамга шошилди.

Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз.

Ижозатингиз билан, ҳаётдан бевақт кўз юмган барча инсонларнинг порлоқ хотирасига алоҳида ҳурмат бажо келтириш мақсадида ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этаман,– деди давлатимиз раҳбари.

ЎзА