Қизғин сайлов кутилмоқда…
Бугун, 10 март куни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған сайловга тайёргарлик кўриш тўғрисидаги фармонни имзолайди. Эртага ҳужжат “Расмий газета”да эълон қилингач, 60 кунлик сайлов марофонига старт берилади.
Амалдаги давлат раҳбари, Адолат ва тараққиёт партияси етакчиси президентликка яна даъво қилишига ҳеч ким мутлақо шубҳа қилмайди.
Узоқ тортишув ва норозиликдан кейин бир неча партиядан иборат “Халқ иттифоқи” мухолифат альянси президентлик сайловида қатнашиш учун ягона – Халқ республикаси партияси етакчиси 74 ёшли Камол Қиличдор ўғли номзодини илгари сурди.
Илк чиқишида у шундай баёнот берди: “Ягона мақсадимиз – юртни фаровонликка, тинч ва қувончли кунларга етаклаш. Биз мамлакатни маслаҳат ва ўзаро келишув асосида бошқарамиз!
Альянс узоқ вақт ягона номзод бўйича келиша олмади. Ҳатто, мухолифат блоги тарқалиб кетишига ҳам ишора қилинди. “Олтилик” орасида кўп йиллар ҳукумат ва партия ишида фаолият кўрсатганлар, хусусан, Бош вазир, Ташқи ишлар вазири, Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган тажрибали сиёсатчилар бор.
Қиличдор ўғлининг номзодига “Яхши партия” раиси Мерал Акшенер қарши чиқди. У иккаласи ҳам Халқ республикаси партияси аъзоси бўлган Истанбул ҳокими Икром Имом ўғли ёки Анқара ҳокими Мансур Яваш номзодини кўрсатиш зарурлигини айтди.
Таклифи қабул қилинмагач, халқ манфаатини акс эттирмаяпти, дея Альянсдан чиқиб кетди ва икки кун ўтмасдан, янги талаб билан иттифоққа қайтди.
Аслида, мухолифат 6 февралда бошланган жиддий зилзиладан кейин сайлов олди кампаниясини бошлаб юборган. Сиёсатчилар офат минтақасига келиб, амалдаги ҳокимиятни танқид қилдилар, давлат раҳбарини тўғридан-тўғри нишонга олдилар. Мухолифат ҳокимиятни 1999 йилдаги жиддий зилзиладан кейин ҳам қурилиш меъёрига риоя қилмаганликда айблади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари Эрдоған Қиличдор ўғли билан рақобатлашишни истайди, деб ёзишди. Бош мухолифатчи ёрқин сиёсатчи эмас, харизма – одамларни ўзига ишонтириш, ортидан эргаштира олиш бўйича Эрдоғандан анча орқада, дейишди. Бинобарин, Қиличдор ўғли 2010 йил маслакдошлари ялиниб-ёлвориши натижасида партия бошига келган эди…
Экспертлар Қиличдор ўғлини ғарбпараст ҳисоблашади. Агар у ғалаба қозонса, Туркия биринчи навбатда Россияга қарши санкцияга қўшилишини айтадилар. Сайлов иккинчи турда давом этса, Эрдоған муваффақиятсизликка учраши аниқ, дейишмоқда.
Ғарб амалдаги Президентнинг мағлубиятини истайди, шу боис мухолифатни қўлламоқчи. Матбуот бу ҳақда очиқ-ойдин ёзяпти. АҚШ Президентининг миллий масала бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон “Wall Street Journal”да Туркиядаги сайловга яқиндан аралашиш, мабодо амалдаги давлат раҳбарининг қўли баланд келса, мамлакатни НАТОдан чиқариш ҳаракатини бошлашга чақирди.
Эрдоған ҳам, ўз навбатида, “Европадан Америкагача 14 майдаги сайловга таъсир ўтказиш учун фаол ҳаракат бошлаган”, деди.
“The Washington Post” газетаси бўлажак сиёсий тадбирни “дунёдаги энг муҳим сайлов”, дея атаб, мазкур сайлов натижаси жаҳон сиёсий вазияти ва иқтисодиётига таъсир ўтказиши мумкинлигини тахмин қилди.
Ғарбнинг назарида янги ҳокимият Украина масаласига қарашни ўзгартиради, Швеция ва Финландиянинг НАТО аъзо бўлиши тезлашади. Кўп йилдан бери давом этиб кетаётган Юнонистон билан қарама-қаршилик, Сурия ва Ироқ муаммоси барҳам топиши ёки юмшаши мумкин.
Мамлакат ички сиёсатида ҳам якка ҳокимлик келтирган зарар хас-пўшланади, деб тахмин қилинмоқда.
Мухолифат эса Туркияни мутлақо янги мамлакатга, ҳар ҳолда, ғарбона жамиятга айлантира олишига халқни ишонтирмоқчи…
Россия “катта йигирмалик”дан чиқарилади…ми?
Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Россияни дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлат ва ҳукумат раҳбарлари “катта йигирмалик” клубидан чиқариб юбориш таклифига қарши чиқди. У Деҳлида ўтган G20 ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан кейин “Бундай амал халқаро ҳамкорлик тамойилига мувофиқ эмас”, деди.
Бир йил аввал Жо Байден Польшанинг Россияни “катта йигирмалик”дан чиқариш таклифини қўллаган эди. Бунинг устига АҚШ Москвани нафақат G20дан, балки қатор халқаро тузилмалар, хусусан, Банк ишини назорат қилиш бўйича Базель қўмитаси, Молия барқарорлиги бўйича кенгаш ва суғурта назорати халқаро ассоциациясидан четлатиш кераклигини айтган.
Шунингдек, “Deutsche Welle” хабарига кўра, Америка етакчиси масала ечими “катта клуб”нинг барча аъзоларига боғлиқлиги ҳақида фикр юритиб, Пекин бунга қарши чиқиши аниқ, деган мулоҳазани ҳам билдирган. Россияга қарши ўнинчи санкция қабул қилингач, Боррелнинг ўзи бу таклифни ёқламаяпти…
Агар Москвани G20дан чиқариш ташаббуси Боррель томонидан кўтарилганда, таклиф Брюсселники сифатида кўриларди. Бу эса “катта йигирмалик” бўлиниши, келажакда ЕИнинг барча давлатлари учун оғир оқибат юзага келишини тахмин қилиш мумкин, дегани.
Бу сафар Брюссель халқаро миқёсда Россияни “четлаштириш” асносида мафкуравий талабдан прагматизмни устун билди.
Аслида G20 миссияси дунё иқтисодиётини бошқариш жараёнида юзага келадиган таҳдидга муносабат билдиришдан иборат. Аксарият экспертлар бу вазифани Россиясиз амалга ошириб бўлмайди, дейишяпти. Шу ўринда 2008 йил инқирози Россия кўмагида ижобий ҳал этилгани хотирланади.
Боррелнинг гапига қараганда, ЕИда Россияни G20дан чиқариш истаги йўқ. Қолаверса, “катта йигирмалик” қоидасида давлатларни клуб аъзолигидан чиқариш механизми ишлаб чиқилмаган.
Ғарбда Москванинг G20дан чиқиши фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиришини тахмин қилишади. Таклиф амалга ошган тақдирда клуб универсал хусусиятини йўқотади ва охир-оқибат эволюция даражасида G7 қайта кенгайишига келинади.
Байден Россия сабаб дунё тарқоқ ҳолатга келиб қолишини истамайди. Москва ихоталаниши дунё иқтисодиётига жиддий таъсир этади. Назарий жиҳатдан G20да консенсус рўй берганда, барча аъзолар Россияга қарши овоз берганда АҚШнинг кўнгли тўларди. Бинобарин, бу хом хаёл эканини Оқ уй яхши билади.
Россиянинг ўзида ҳам “катта йигирмалик”дан чиқиб кетиш нияти йўқ. Экспертлар фикрича, бу муҳим тизим доирасида дунё тартиботи келажаги кўриб чиқилади.
Россия G20 доирасида камида БРИКС давлатлари — Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка Республикаси билан ҳамкорликда АҚШнинг дунё иқтисодиётини бошқаришга қаратилган якка ҳокимлик тамойилига қарши тура олади.
Таҳлилчилар Ғарб давлатлари кучини қирқиш ва ноғарбий мамлакатлар сонини кўпайтириш учун “катта йигирмалик” таркибини тубдан ўзгартириш зарурлиги ҳақида кўп гапирадилар. Шу билан бирга айни адолатли қарор дунё кучлари мувозанати ва манфаатини мувофиқлаштиришга олиб келган бўлур эди, дея қўшимча қилишади…
АҚШ – Эрон муносабати жиддийлашмоқда…
Марказий разведка бошқармаси Бош директори Уильям Бернс ўтаётган ҳафтада “CBS” телеканалида шов-шовга мойил баёнот эълон қилди: “Эрон раҳбарияти ядровий қурол лойиҳасини қайта тикламайди. Дастур, деярли, 20 йил олдин кун тартибидан чиқарилган ёки тўхтатиб қўйилган”.
Бернс бу маълумот қаердан келиб чиққанини айтмагани аниқ. Бир муддат аввал эса “CNN” телеканали, манбани очиқламай, “Эрон ядро қуроли яратиш учун Россиядан зарур хом-ашё оляпти”, деган даъвони билдирганди.
Теҳронга қарши шу йилнинг ўзида қатор баёнотлар эълон қилинди. МАГАТЭ “Эронда 84 фоиз бойитилган уран топилгани ҳақида гапирган бўлса, Исроил бош дипломати Эли Коэн Эрон ядро пойгасига “дипломатик ва иқтисодий босим орқали ёки МАГАТЭнинг тегишли талабига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаган ҳолда барҳам бериш мумкин”, деди.
“Вашингтон Эрон ядро қуролига эришмаслиги учун бор имкониятини ишга солмоқда”, деган эди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен январь ойи охирида “Al-Arabiya” телеканалига.
Энди эса, кутилмаганда, “муаммони ҳал қилиш учун энг самарали ва ишончли усул дипломатия”, деб топилди. Бу баёнот Теҳронга ҳам ёқиб тушди.
Ироқ ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн Вашингтондан эронлик ҳамкасби Ҳусайн Амир Абдуллоҳиёнга АҚШ “Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракат режасини тиклаш бўйича музокарага қайтишга тайёр” деган хабарни келтиради.
Абдуллоҳиён янги дипломатик технологияга нисбатан ижобий фикр билдириб, “биз ҳеч қачон келишишдан қочмаганмиз, фақат музокара Вена мулоқоти доирасида олиб борилишига розимиз”, деди. Бу икки томонга ҳам маъқул.
“Олтилик”дан иборат Вена мулоқотинга БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолари ва Германия киради. Қўшма Штатлар МАГАТЭни Эрон “ўйини”дан, шунингдек, Исроилни фаол қўллаётган айрим Европа давлатларини Вена жараёнидан чиқармоқчи.
Буюк Британия, Франция ва Германия Эронни музокарада “бузғунчи” қарашга эгаликда ва қийинчилик билан эришилган келишувни рад этишда айблайди. Бошқа томондан, айрим эронлик ва америкалик экспертлар тахмин қилганидек, Эрон “Россия ва Хитойнинг маҳкам геосиёсий қучоғидан чиқишга” ҳаракат қилмоқда.
Экспертлар уран захираси бойитилиш даражасини чеклаш, центрафуга сонини ўзгартириш, Қўшма кенг қамровли ҳаракат режасини вақтинча тўхтатиб туриш, МАГАТЭнинг Эронда текширув фаолиятини қайта тиклаш бўйича янги келишув муҳокама қилинаётгани эҳтимолини фараз қилишяпти. Бунинг эвазига Эрон нефти экспорти эмбаргоси олиб ташланиши, хорижда музлатиб қўйилган маблағдан фойдаланишга рухсат берилиши ва бошқа ён босма чоралар кўрилиши мумкин, дея тахмин қилинмоқда.
Илгари америкалик таҳлилчилар Эрон ядро дастури учун доим турли санкция билан таҳдид қилгани, оқибатда консерваторлар қараши кучайгани учун Президент Байденни танқид қилишарди. Шу мантиқдан келиб чиқилса, энди консерваторлар билан тўқнашув қайта бошланишини кутиш мумкин. Демак, Байден Эрон йўналишидаги ҳаракат тактикасини ўзгартириб, “махфий дипломатия”ни амалга ошириш учун янги “савдо” бошлагандек.
Ядро келишувига қаршилар АҚШда ҳам, Эронда ва минтақада ҳам кам эмас. Эрон АҚШ билан ўз ўйинини ўйнамоқда. Ғарб экспертлари айтишича, Теҳрон вақтинча “илиқлик даври”дан фойдаланиб, “махфий дипломатия”ни ўз манфаати йўлига бурмоқчи.
Абдуллоҳиён айтганидек, “аввалги тажрибадан келиб чиқиб, АҚШ билан янги музокара жараёнида янада эҳтиёткор ва эътиборли бўлиш” талаб этилади.
Назаримизда Эрон – Америка муносабатида кескинлик сақланиб қоладигандек. Тағин, ким билади?..
Бугунча шу.
Келаси ҳафтада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси