8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва бир хил функцияни бажарадиган, яъни бир хил лавозимни эгаллаган эркаклар ва аёлларга тенг маош тўлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади.

“Agencia Brasil” нашрининг ёзишича, Бразилияда эркакларга нисбатан 20 фоиз кам маош оладиган аёллар иш ҳақи ошириладиган бўлди. Қонун лойиҳаси матнида компаниялар ўзларининг иш ҳақи сиёсатини шаффофроқ қилиши, текширувларни кенгайтириши ҳамда иш ҳақи дискриминациясига қарши курашиши бўйича чора-тадбирларни назарда тутади.

2019 йил давлат статистика агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, барча касбларда аёллар эркакларга қараганда камроқ маош олиши аниқланган. 2012 ва 2018 йиллар оралиғида иш ҳақи тенгсизлиги пасайган тақдирда ҳам, аёлларга эркакларга нисбатан ўртача 20,5 фоизга камроқ маош тўланган.

Бразилияда Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш ҳукумат ташаббуси билан аёллар ҳуқуқини бевосита тарғиб қилувчи қатор чора-тадбирлар эълон қилиниши билан нишонланди, дейиш мумкин.

ЎзА