Баҳор фаслида аксарият инсонларда ҳолсизлик ва руҳий толиқиш кузатилади. Шифокорларнинг сўзларига кўра, бу организмда моддалар алмашинуви тезлашиши ва витаминларга бўлган эҳтиёж ортиши билан боғлиқ.

– Витаминлар етишмаслиги сабабли инсон эрталаб уйқудан туришни истамайди. Кўпчиликни ланжлик, уйқучанлик, диққат-эътиборнинг сусайиши, руҳий толиқиш, тушкунлик ва бош оғриғи қийнайди. Баъзи кишиларда эса юз-қўл териси қуриб, ёрилади. Кўз тагида кўкимтир излар пайдо бўлади, кўриш қобилияти пасаяди. Соч тўкилиб, тирноқлар мўртлашади. Шу боис, бу даврда витаминлар, минераллар, озуқали моддалар ва ўсимлик толаларига бой озиқ-овқатлар тановул қилиш, ичаклар фаолиятини яхшилаш учун тоза сув ичиш лозим, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош нутрициологи Гули Шайхова.

– Қолаверса, баҳор фаслида кўкатли таомлар, сабзавотлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки улар таркибида организм учун зарур бўлган С витамини, озуқа толалари, биофлавоноидлар, антиоксидантлар мавжуд. Айниқса, исмалоқ, ялпиз, мадор, отқулоқ, жағ-жағ каби гиёҳлардан тайёрланган таомлар танада моддалар алмашинуви ва ошқозон-ичак тизимини яхшилайди.

Шунингдек, қишда заифлашган организм А, В, D ва Е витаминларига муҳтож бўлгани сабабли уларнинг ўрнини тўлдириш учун тўлиқ донли ундан тайёрланган нон, ёнғоқ, гўшт, балиқ, қаймоқ, творог, ёнғоқ, майиз, бодом ва асал ейиш керак. Тушлик ва кечки овқатда эса кўпроқ ёғсиз ва тез ҳазм бўлувчи овқатлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Дарвоқе, бу фаслда цитрус меваларни кўп ейиш тавсия этилмайди. Чунки табиат уйғониши, дарахтларнинг гуллаши аллергияга мойил кишиларда касалликни қўзғаши мумкин.

 

ЎзА