Қирғизистон Республикаси бош вазири Акылбек Жапаров бошчилигидаги делегация 8 март куни Андижон вилоятида бўлди.
Айни пайтда Қирғизистон Республикаси бош вазири Акылбек Жапаров бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Ташриф давомида делегация аъзолари давлатларимиз ўртасидаги дўстлик, иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида юртимиздаги қатор ишлаб чиқариш объектлари билан танишиши, учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
Андижонда Қирғизистон делегацияси тантанали равишда кутиб олинди.
Қирғизистон Республикаси делегацияси аъзолари Асака туманидаги “UZAUTO MOTORS” акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Меҳмонлар автомобиль ишлаб чиқариш заводида ишлаб чиқариш, автомобилларни йиғиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Қирғизистон бош вазири айни пайтда Chevrolet бренди остида Spark, Nexia, Cobalt, Lacetti (Gentra), Damas, Labo, Malibu, Tracker, Equinox, Trailblazer, Traverse, Tahoe русумидаги автомобиллар ишлаб чиқарилаётган мазкур корхона фаолиятига юқори баҳо берди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА