Туркиянинг зилзила бўлган ҳудудларида 2,5 миллион бола тезкор гуманитар ёрдамга муҳтож, деди БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ижрочи директори Кэтрин Рассел мамлакатга уюштирган икки кунлик сафарини якунлагандан сўнг.

БМТ маълумотларига кўра, Кэтрин Рассел офат содир бўлган ҳудудларда жабр кўрган оилалар билан учрашган, жумладан, ҳозирда 17 минг суриялик қочқин вақтинчалик жойлаштирилган марказга ҳам борган. Хабарда айтилишича, қочқинларнинг учдан бир қисми болалардан иборат.

Рассел шунингдек, ЮНИСЕФ кўмагида Газиантепда ташкил этилган жабр кўрган болалар ва катталарга руҳий ёрдам кўрсатиш марказида ҳам бўлган.

«Зилзила жабр кўрган болалар учун ҳақиқий фожиа бўлди. Ҳамма жойда оилавий ташвиш ва кулфатга дуч келасиз. Атроф тасаввур қилиб бўлмас вайроналар билан тўлган. Кўплаб бинолар ағанаган, улар орасида баъзан, кўрпа, ўйинчоқлар, болалар китобчаларини кўришингиз мумкин ва буларнинг барчаси болалар ҳаёти вайрон бўлганидан ёки тўхтаганидан гувоҳлик беради», – деди ЮНИСЕФ вакили. Ҳозирги кунгача Болалар жамғармаси Туркияда зилзила ҳудудларида 277 минг кишига, жумладан, 163 минг болага гуманитар ёрдам кўрсатди. Муҳтожлар қишки кийим-бош, кўрпа, иситадиган қурилмалар ва тозалик воситаларини олган.

Жамғарма Туркиядаги болалар ва уларнинг оилалари учун донорлардан 196 миллион доллар сўрамоқда. Мазкур маблағ тезкор гуманитар ёрдам кўрсатишга ва таълим тизимини қайта тиклашга ҳамда руҳий қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли лойиҳаларга сарфланади, дейилади хабарда.