Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда мажбурий меҳнатнинг бекор қилиниши, фуқароларга сўз эркинлигининг берилиши, шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир соҳа ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор Қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётганлигини таъкидлашимиз лозим.

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Бугунги кунда бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шошилинч ҳамда тез тиббий ёрдамини, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

Лекин бир оғриқли жиҳат борки, у ҳам бўлса, тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти даврида тажовузга учраши, уларга тан жарохати етказилиши даражасидаги ҳолатлар тез-тез кўзга ташланиб қолмоқда.

Маълумотларга кўра, 2019-2022 йилларда республикамизда 285 дан ортиқ ҳолатларда тиббиёт ходимларига турли шаклдаги тажовузлар қилинган. Амалдаги қонунчиликда эса хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилганлик, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган. Шу сабабли, айбдорлар қилмишига яраша жазоланмасдан қолмоқда ва бундай ҳолатлар сони тобора ортиб бормоқда. Ушбу ҳолатларга Қонун билан чек қўйиш вақти келди.

Хусусан, бугунги ялпи мажлисда сенаторлар томонидан “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилиниб, бир овоздан маъқулланди.

Қонун ишлаб чиқилишида барча жараёнлар, вазиятлар ва эътирозлар атрофлича ўрганилиб, соҳа мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида чуқур таҳлил қилинди.

Унинг парламентдаги муҳокамалари ҳам барчани бирдек қизиқтирди. Хусусан, қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун манфаатдор вазирлик ва идоралар, профессор-олимлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фикрлари олинди. Бундан ташқари, кенг жамоатчилик фикри изчил ўрганилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги модда билан тўлдирилмоқда. Ушбу нормага асосан, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазосини белгилаш киритилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасида жиноят ишлари бўйича судларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш муддати уч суткани ташкил этиши қайд этилмоқда.

Шифокор сифатида ялпи мажлисда мазкур қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланганидан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Чунки, ушбу Қонун тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.


Манзурахон САЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.