Ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назорати ўрнатишни ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишни талаб қилади.
Шу мақсадда ҳамда маъмурий суд ишлари юритишни халқаро стандартларга мос ҳолда такомиллаштириш учун “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонунда маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш кўзда тутилган. Бунда маъмурий судларга ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш белгиланмоқда.
Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга зарарни ундириш талаби бўйича ҳам маъмурий судга киритиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.
Маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда уларгa нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмагани учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгиланмоқда.
Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда.
Шунингдек, судлар тизимида “Ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш, бунда судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмагани сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқлаш ҳамда даъво аризаси, ариза, шикоятларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг чиқарган қарори устидан иқтисодий судга эмас, балки маъмурий судга шикоят қилиш белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА