Яқинда Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида Ипак йўли университетлари тармоғи (Силк-Роад Университиес Нетwорк)нинг навбатдаги ВИИИ Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди.

“Сунъий интеллект ва катта ҳажмли маълумотлар базаси даврида университетларнинг роли: муаммолар ва имкониятлар” мавзусига бағишланган бу галги мажлисда тармоққа аъзо Самарқанд давлат чет тиллар институти ва илк бор Самарқанд халқаро технология университети вакиллари иштирок этди.

– Ипак йўли университетлари тармоғи ассоциацияси Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Муғулистон, Жанубий Корея, Уммон, Греция, Португалия, Италия, Комбоджа, Иордания каби давлатларнинг 80 дан ортиқ олий таълим муассасаларидан ташкил топган, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, профессор Илҳомжон Тўхтасинов. – Ассоциациянинг асосий мақсади асрлар давомида цивилизациялар шаклланган қадимий Ипак йўлининг тарихий аҳамиятини тиклаш, турли илмий-амалий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш орқали таълим, фан ва бошқа соҳалар ривожига ҳисса қўшиш, тармоқдаги олий таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, зиёлилар ўртасида тажриба ва фикр алмашишни рағбатлантириш, таълим орқали “Силкроадиа” (қадимги Ипак йўлининг руҳи) билан мувофиқ тинчлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб қилишдан иборат. Бу галги Бош Ассамблея иштирокчиларга аъзо университетларнинг ҳамкорлиги ва бирдамликдаги ривожланиш истиқболлари бўйича фикр алмашиш, таълимда инновацияларни кенг жорий этиш, ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш каби имкониятларни тақдим этди. Бош Ассамблеянинг расмий очилиш маросимидан сўнг Самарқанд давлат чет тиллар институти, ундаги таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида тақдимот қилдик. Шунингдек, ташкилотга аъзо олий таълим муассасалари раҳбарлари давра суҳбатида “Академик ҳамкорлик – олий таълим тизимини барқарор ривожлантириш ва интеграллашувининг асоси” мавзусидаги маърузам билан қатнашдим. Тақдимот ва маърузаларимизга хорижлик ҳамкорларимиз катта қизиқиш билдирди ва алоқаларимизнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашдик. Жумладан, тармоқ университетлари билан умумий меморандум, Қозоғистон республикаси Ал-Фаробий Қозоқ миллий университети билан англашув меморандуми имзоладик. Шунингдек, Дубай шаҳридаги Канада университети фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик меморандуми имзолаш бўйича келишувга эришдик.

Сафар давомида Дубайдаги Шайх Хамдан бин Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум кутубхонаси ҳамда Канада университети кутубхонасига Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан инглиз тилига таржима қилинган Примқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари ва бошқа бир қатор китоблар тақдим этилди. Ассамблеяда Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев ҳам ўтган йил фаолият бошлаган университет ҳақида тақдимот қилди. Ипак йўли университетлари тармоғига кирувчи олий таълим муассасалари билан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА