Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Болалар масалалари бўйича комиссиялар ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

«Мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида назоратсизлик ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Турсуной Муродова. — Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база ҳам шаклланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила, Фуқаролик, Меҳнат ва Жиноят кодекслари ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган. Шунингдек, вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси фаолияти ислоҳ этилиб, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мазкур комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи ўзгартишлар киритиш зарурияти юзага келди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан «Прокуратура тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ҳамда Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Оила, Меҳнат кодексларига ўзгартишлар киритилиб, вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг номи «Болалар масалалари бўйича миллий комиссия» деб ўзгартирилмоқда. Шунингдек, унинг ваколатларига оид ўзгартишлар акс эттирилмоқда.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.

Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА