Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама этилди.

«Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида аҳолига сифатли маҳсулотларни етказиб бериш, иқлимга мос қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Аъзамжон Тўлабоев. — Мазкур қонун лойиҳасида қишлоқ хўжалигининг суғориладиган ерларида фаолият кўрсатаётган сув истеъмолчилари ва туман ирригация бўлимлари ўртасида сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузилиши назарда тутилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасида туман ирригация бўлимлари томонидан ўзлари хизмат кўрсатадиган фермер хўжаликларининг қайси сув объектларидан сув олиши, сув истеъмоли режалари тузилиши ва тасдиқланиши, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сув истеъмолчилари учун сув олиш лимитларининг белгиланиши, жамоа боғлари, токзорлар, экинзорларни ва томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш, сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида белгиланган тартибда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Қонун лойиҳаси билан «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги ва бошқа қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифларини билдириб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА