КХДР муаммосига бағишланган мажлис душанба куни соат 15:00 да бошланади, дея қайд этилган Хавфсизлик кенгаши мажлиси дастурида.
Аввалроқ Япония бош вазири Фумио Кисида куни кеча шимолликлар ракета учиргани сабабли БМТ Хавфсизлик кенгашидан навбатдан ташқари мажлис ўтказишни сўраганини маълум қилганди.
Шимолий Корея душанба куни эрталаб ғарбий соҳилларидан шарқ томонга иккита ракета парвозини амалга оширган.
Биринчи ракетанинг парвоз баландлиги 100 километрни, узоқлиги 400 километрни, иккинчи ракетанинг парвози эса тегишлича 50 ва 350 километрни ташкил этган. Иккала ракета ҳам Япониянинг иқтисодий ҳудудидан ташқарига қулаб тушган. Жанубий Корея ҳарбийларининг маълум қилишича, улар яқин масофага учадиган баллистик ракеталар бўлган.
Ракеталар Пхёнан-Намдо провинциядан учирилгани айтилмоқда.
КХДР янги йил бошлангандан буён жами учта ракета учирди, ўтган йили парвозларнинг сони 37 тага етган эди.