Сенатга Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот қўмитаси раиси Чонг Чун Сук бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек парламентлараро муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кейинги беш йил мобайнида Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги икки томонлама алоқалар сифат жиҳатидан янги стратегик даражага кўтарилганини қайд этди. Ҳозирги кунда Корея Республикаси билан деярли барча соҳаларда, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик йўналишида алоқалар ривожланиб бормоқда.

Хусусан, қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, олий даражада эришилган келишувларнинг ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси ҳамда «Корея–Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик Ассоциацияси  самарали фаолият юритмоқда.

Мулоқот давомида соғлиқни сақлаш йўналишида янги лойиҳаларни жумладан, ҳамкорликда янги клиникалар барпо этиш, фармацевтика кластерларини ишга тушириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларини илғор техникалар билан таъминлаш  юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига ташрифи доирасида икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида Соғлиқни сақлаш соҳасида имзоланган ҳукуматлараро битим мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга туртки бўлди.

Қайд этиш керак, айни пайтда Корея Республикаси билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, пойтахтимизда ушбу мамлакат кўмагида «Баум» корпорацияси лойиҳаси асосида қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган Болалар миллий тиббиёт маркази барпо этилиши алоҳида аҳамиятга эгадир.

Айни пайтда Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларда жумладан, соғлиқни сақлаш ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлаш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, турли касалликлар диагностикасини такомиллаштириш каби соҳадаги муҳим йўналишлар қамраб олинган.

Суҳбат чоғида шунингдек, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, ушбу йўналишдаги ютуқлар алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.

 

ЎзА