Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси Шавкат Умрзоқов, федерациянинг вилоят бўлимлари вакиллари ва масъул мутахассислар иштирокида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш борасида қилиниши зарур бўлган ишлар айтиб ўтилди.
Хусусан, жорий йил ўтадиган Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш, «Париж-2024» Олимпия ўйинлари учун қўлга киритиладиган йўлланмалар сонини ошириш борасида фикрлар билдирилди.
Конференцияда федерация раҳбарияти таркибига тавсия этилган номзодларнинг сайловолди дастурлари тақдим этилди. Овозга қўйиш натижасида Гўзал Мўминова федерация раисининг биринчи ўринбосари, Баҳром Шокиров молиявий масалалар ва корпоратив бошқарув йўналиши бўйича раис ўринбосари лавозимларига сайланди.
Йиғилиш якунида иқтидорли спортчиларни саралаш ишларига эътибор қаратиш, терма жамоа аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз бўйлаб оммавий гимнастика мусобақаларини ўтказиш борасида ҳудудий бўлимлардаги ишларни янада жонлантириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА